Алматига келган хорижлик сайёҳлар сони пандемиядан олдинги даврдан ошиб кетди
ALMATY. Kazinform - Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2023 йилда Алматига келган сайёҳларнинг умумий сони 2 038 417 нафарни ташкил этди, бу 2022 йилга нисбатан 12,6 фоизга ва пандемиягача бўлган 2019 йилга нисбатан 52,7 фоизга кўпдир.

“Хорижий сайёҳлар сонининг ўсиши 2022 йилга нисбатан 29,5 фоизни (540 744 киши) ташкил этди. Бу эса Алмати Қозоғистоннинг бошқа шаҳарлари орасида етакчи эканлигини кўрсатади. 2019 йилга нисбатан шаҳарга келган хорижий сайёҳлар сони 24,1 фоизга ошган. Маҳаллий аҳоли орасида туризмда банд бўлганлар сони 10,4 фоизга ўсди ва 80 983 кишини ёки Алмати шаҳрининг жами меҳнатга лаёқатли аҳолисининг 7,7 фоизини ташкил этди. Туризм соҳасига йўналтирилган инвестициялар ўсиши 47,7 фоизга ёки 106,4 миллиард тенгега етди, бу асосий капиталга йўналтирилган инвестицияларнинг 6 фоизини ташкил этади. Ўтган йили Алмати шаҳрининг туризм секторидан солиқ тушумлари 64 фоизга ўсди ва 71,7 миллиард тенгени ташкил қилди, маҳаллий бюджетнинг умумий солиқ тушумларидаги улуши эса 5 фоизга етди”, — дейилади хабарда.
Алмати шаҳар туризм бошқармаси маълумотларига кўра, кўрсаткичларнинг ўсиши Алмати сайёҳлик йўналиши сифатида янада жозибадор эканлигини кўрсатади. Ўз навбатида, туристик хизматлар ва инфратузилмага талаб ортиб бораётгани туризм соҳасига инвесторларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ва сифатли хизматлар кўрсатиш учун яхши кўрсаткич сифатида баҳоланмоқда.
“2023 йилда туризмни ривожлантириш учун маҳаллий бюджетдан 2,1 миллиард тенге ажратилди. Шу билан бирга, сарфланган 1 тенге солиқ шаклида бюджетга 34,14 тенге миқдорида қайтарилди, бу туризм соҳасининг шаҳар иқтисодиётига қўшаётган ижобий ҳиссаси ва самарадорлигини кўрсатади. Охирги 5 йил ичида Алматида 1345 хонали 12 та меҳмонхоналар очилди. 2027 йилда хоналар сонини 1,5 баробарга ошириб, 17 минг хонага етказиш режалаштирилган. Жорий йил июнь ойида Алмати халқаро аэропортида икки баравар кўп (14 миллион кишигача) ташриф буюрувчиларни қабул қилиш имконини берувчи янги йўловчи терминали ишга туширилиши кутилмоқда”, - деб хабар қилди шаҳар туризм бошқармаси.