Алматидаги учта сайёҳлик маскани дунёнинг энг яхши йўналишлари қаторига кирди

ALMATY. Kazinform – Алматидаги Кимасар ва Бутақти даралари ҳамда Shymbulak осма йўли 2026 йилги халқаро The Worldworthy 100 рейтингига киритилиб, дунёнинг энг яхши сайёҳлик йўналишлари қаторида эътироф этилди.

а
Фото: eurasia.travel

Халқаро рейтинг натижаларига кўра, Кимасар дараси дунёдаги энг яхши 100 та пиёда сайр қилиш йўналиши орасида 56-ўринни эгаллади. Бутақти дараси эса ушбу тоифада 79-ўринни эгаллади.

а
Фото: Алматы қаласының әкімдігі

Shymbulak осма йўли дунёдаги энг яхши осма йўллар рейтингида 9-ўринни эгаллаб, кучли ўнталикдан жой олди.

а
Фото: Алматы қаласының әкімдігі

Учала сайёҳлик маскани ҳам The Worldworthy 100 рейтинги лауреати сертификатига сазовор бўлди. Бу Алмати тоғли ҳудудларига халқаро миқёсда қизиқиш юқори эканини кўрсатади.

The Worldworthy 100 – дунёнинг диққатга сазовор сайёҳлик масканларини баҳолайдиган халқаро таҳририй рейтинг ҳисобланади. Уни шакллантириш жараёнида сайёҳларнинг фикрлари, халқаро оммавий ахборот воситаларидаги мақолалар, туристик гидларнинг тавсиялари ҳамда очиқ манбалардаги маълумотлар инобатга олинади.

а
Фото: Алматы қаласының әкімдігі

Алмати тоғлари ҳар йили миллионлаб сайёҳларни қабул қилади. 2026 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида Иле-Алатау давлат миллий табиат боғига 1,6 миллиондан ортиқ киши ташриф буюрган.

Mastercard маълумотларига кўра, 2025 йилда Shymbulak хорижий сайёҳлар орасида Алматининг энг машҳур сайёҳлик масканига айланган. Шаҳарнинг сайёҳлик объектларига амалга оширилган хорижий ташрифларнинг 30,62 фоизи айнан ушбу йўналиш ҳиссасига тўғри келган.

а
Фото: Алматы қаласының әкімдігі

“Алматидаги бир вақтнинг ўзида учта тоғ сайёҳлик масканининг дунёдаги энг яхши юзталикдан жой олиши шаҳримизнинг сайёҳлик салоҳияти юқори баҳоланганини кўрсатувчи муҳим ютуқдир. Бугунги кунда Алмати сайёҳларни нафақат гўзал табиати, балки фаол дам олиш учун яратилган турли имкониятлари билан ҳам ўзига жалб этмоқда. Шаҳар ҳокими Дархан Сатибалди топшириғи доирасида қулайлик ва хавфсизликни таъминлаш, ноёб табиатни асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратган ҳолда тоғ туризмини ривожлантиришда давом этамиз”, – деди Алмати шаҳар Туризм бошқармаси вакиллари.

а
Фото: Алматы қаласының әкімдігі

Бошқарма маълумотига кўра, Алмати тоғ кластери лойиҳасини амалга ошириш сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратади.

Лойиҳа доирасида осма йўллар тармоғини кенгайтириш, мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда йил давомида дам олиш учун янги имкониятлар яратиш режалаштирилган.

а
Фото: Алматы қаласының әкімдігі

Алматидаги учта тоғ сайёҳлик масканининг халқаро миқёсда юқори баҳоланиши шаҳарнинг Марказий Осиёда табиат қўйнида дам олиш ва фаол туризм бўйича етакчи йўналишлардан бири сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлайди.