Алматида Ўзбекистон ирригация институтининг филиали очилади
Алмати шаҳрида Ўзбекистоннинг Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институтининг филиали очилади. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбит Атамқулов жорий йилда амалга оширилган ишлар якунлари ва келгуси йил учун режалар эълон қилинган йиғилишда маълум қилди, деб хабар беради Каzinform агентлиги мухбири.

Элчи сўз аввалида жорий йилда кўплаб лойиҳалар амалга оширилгани, самарали учрашув ва музокаралар ўтказилганини таъкидлаб, келгуси йил режасига тўхталди.
“Келгуси йилда ҳам муҳим ишлар амалга оширилади. Яъни Самарқандда ҳукумат раҳбарларининг минтақалараро форуми, Қозоғистонда ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ташкил этилади. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи режалаштирилган. Унинг доирасида қатор маданий тадбирлар ўтказилади, хусусан, Алишер Навоийга бағишланган ҳайкал очилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, Чирчиқ шаҳрида М.Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети филиалини, Алматида эса Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институти филиалини очиш режалаштирилган”, – деди Бейбит Атамқулов.
Унга кўра, келаси йили Ўзбекистонда маҳаллий режиссёрлар ва актёрлар иштирокида Қозоғистон кино ва театр кунлари ўтказилади.
“Келгуси йили Ўзбекистонда Қозоғистоннинг «Jibek Joly» телеканали кўрсатилиши бошланади ва шунга мос равишда Қозоғистонда ҳам Ўзбекистоннинг “Ўзбекистон-24” телеканали кўрсатувлари бошланади. Бу, шубҳасиз, икки давлат ўртасидаги муносабатларга сезиларли туртки беради”, – дея хулоса қилди Бейбит Атамқулов.
Муаллиф: Алихан Асқар