Алматида мактаб автобуслари босқичма-босқич ишга туширилади
Алмати таълим бошқармаси бошлиғи Ляззат Жилқибаева ҳозирда ушбу лойиҳа бўйича ҳокимлик томонидан фаол иш олиб борилаётганини маълум қилди.
«Биз ота-оналар ўртасида сўров ўтказдик, ҳозирда 38 мингга яқин болага эҳтиёж бор. Мактаб автобуслари, биринчи навбатда, зудлик билан зарур бўлган ҳудудларда йўлга қўйилади. Тажрибали лойиҳада биз тўртта туманда: тоғлардаги Бостандиқ, Науризбай, Алатау ва Медеу туманларида жорий этишни режалаштирмоқдамиз. Ҳозир мактабларни аниқлаяпмиз. Улар аниқланиши билан биз ҳар бир мактаб учун махсус маршрутларни тузамиз. 20, 30, 50 ўринли автобуслар бор. Буларнинг барчаси мактабнинг эҳтиёжларига боғлиқ. Ҳар бир мактабга қанча автобус кераклигини ҳам аниқлаймиз. Лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилади», — деди Ляззат Жилқибаева.
У автобусларнинг ишга туширилишининг аниқ санасини айтмади.
«Ҳаммаси ушбу процедура қандай якунланишига боғлиқ. Ҳар қандай механизм муайян тартиб-қоидалардан ўтиши керак: булар давлат харидлари, етказиб берувчини аниқлаш ва ҳ.к. Улар якунланиши биланоқ лойиҳа босқичма-босқич амалга оширилади», - дея тушунтирди Ляззат Жилқибаева.
Фото: abai.kz