Алматида 2024-2025 йилларда 37,1 минг ўринли 22 та мактаб очилади

Алматида 2024-2025 йилларда 37,1 минг ўринли 22 та мактаб очилади
Фото: freepik.com

Алмати ҳокими Ерболат Досаев 2025 йилга бориб мактабларда ўринлар тақчиллиги камайиши ва бунинг учун қандай чоралар кўрилганини маълум қилди, деб хабар беради Каzinform.

“Жорий йилда республика бўйлаб “Қулай мактаб” миллий лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Алматига келсак, 2024-2025 йилларда 37,1 минг ўринли 22 та мактаб очилиши режалаштирилган. Айни пайтда хусусий инвесторлар билан 23 минг 100 ўринли 13 та мактаб қурилишини бошлаш бўйича меморандум, шунингдек, 12 минг ўқувчига мўлжалланган 8 та мактаб қуриш ва сотиб олиш бўйича меморандумлар имзоланган. Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик тамойили асосида 2000 ўринли мактаб қурилади”, – деди Е.Досаев Марказий коммуникациялар хизматида ўтказилган брифингда.

Алмати ҳокимининг сўзларига кўра, 2025 йил 1 сентябрга қадар ўқувчилар ўринлари танқислиги назорат қилинадиган даражага туширилади.

“Ўйлаймизки, жорий ўқув йилида умумтаълим мактабларида бир сменали режимга фаол ўтишни бошлаймиз”, – дея қўшимча қилди Ерболат Досаев.

Шу билан бирга, мегаполис ҳокими жорий йил бошидан буён 5920 ўқувчи таълим оладиган 21 мактаб ва қўшимча бинолар фойдаланишга топширилганини маълум қилди. Унинг таркибига 3450 ўринли 16 та хусусий мактаб, 1,5 минг ўринли 1 та давлат мактаби ва 970 ўринли 4 та қўшимча бино киради.

Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб 30 та мактабда илк бор “Мактаб автобуси” лойиҳаси ишга туширилди. Бунинг учун 100 та автобус харид қилинди.

Сўнгги хабарлар