12:12, 09 Октябрь 2022 | GMT +5
Алмати вилоятида ультратовуш аппаратларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган
ALMATY. Kazinform – SAMSUNG MEDISON (Жанубий Корея) компанияси вакиллари тиббий асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганиш учун Қозоғистонга келди. Ташриф доирасида компанияда «KAZAKH INVEST» АЖ бошқаруви раиси Меиржан Юсупов билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kazinform миллий компания матбуот хизматига таяниб хабар беради.

Учрашув давомида томонлар Қозоғистон Республикасида маҳсулотларни маҳаллийлаштириш бўйича келгуси режаларни муҳокама қилдилар. Жанубий Корея компанияси «Ordamed» АЖ билан биргаликда Алмати вилоятида 22 миллион долларлик лойиҳани амалга оширишни режалаштирмоқда.
«Биз лойиҳани Қозоғистонда бошлаганимиздан жуда хурсандмиз. Маҳаллийлаштириш учун давлат танлашда биз қўшни давлатларни ҳам ҳисобга олдик, бироқ бозорни ўрганиб чиқиб, Қозоғистон ҳукумати томонидан тақдим этилган энг яхши шароитлар, шунингдек, стратегик жойлашуви туфайли мамлакатингиз фойдасига танлов қилдик. Маҳсулотларни нафақат Қозоғистон бозорига, балки экспортга ҳам етказиб беришни режалаштирганмиз. Масалан, биз Марказий Осиё ва Кавказ минтақаси давлатлари билан ҳам музокаралар олиб бормоқдамиз»
, - деди Ёнг Кван Ким.
Меиржан Юсупов бутун дунё тиббиёт компанияларининг Қозоғистонда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қизиқиши ортиб бораётгани ҳақида гапирди.
«Жанубий Корея Қозоғистоннинг асосий ташқи савдо-иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Биз қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдормиз. Ҳукумат Кореядан келадиган сармояларга алоҳида эътибор қаратмоқда. Қозоғистонни танлаб, нафақат истиқболли бозорларга чиқишингиз мумкин, балки лойиҳани амалга оширишнинг барча босқичларида бизнинг қўллаб-қувватлашимизга ҳам ишонишингиз мумкин»
, - деди миллий компания раҳбари.