Алмати шаҳрида халқаро Almaty Food Fest 2024 гастро-фестивали бўлиб ўтади
ASTANA. Кazinform - Almaty Food Fest 2024 гастро-фестивали мамлакатнинг жанубий пойтахтида учинчи бор ташкил этилади. Бу ҳақда Алмати шаҳар туризм бошқармаси раҳбари Ғалия Тоқсейитова маълум қилди.
- Гастрономик фестивал 24-25 август кунлари Абай майдонида бўлиб ўтади. Тадбир давомида маданий-пазандалик танловлари, лотерея ўйинлари, машҳур саҳна юлдузлари чиқишлари режалаштирилган. Фестивалда Хитой, Эрон, Покистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларусь, Россия ва Қозоғистондан ошпазлар иштирок этади. Тадбирдан кўзланган мақсад Алмати шаҳрини дунёнинг етакчи гастрономик марказларидан бири сифатида тарғиб қилишдан иборат. Ҳар бир халқнинг ошхонаси унинг қалби, тарихи ва урф-одатларидир. Бугунги сайёҳ бошқа давлатнинг маданияти билан ўша давлат ошхонаси орқали танишади, - деди бошқарма раҳбари.
Ғалия Тоқсейитова, шунингдек, фестиваль давомида Алматидаги бир қатор ресторанларда олма қўшилган махсус меню таклиф этилишини таъкидлади.
Мишел юлдузи соҳиби, француз ошпази Жером Кустийас Алматида пазандалик санъати ҳақида ўз фикрини билдирди.
– Пазандачилик билан шуғулланганимга 40 йил бўлди. Ушбу тадбирда сизлар билан ўз тажрибамни баҳам кўришга умид қиламан. Алматига илк бор 12 йил олдин келганман. Ўшандан бери шаҳар ҳам, ошпазлик санъати ҳам сезиларли даражада ўзгарди. Шаҳарнинг салоҳияти жуда катта. Менинг шахсий фикримча, Алматида камида 3 та ресторан Мишел юлдузини олиши мумкин, - деди Жером Кустийас.