Алмати шаҳрида 12 қаватдан юқори биноларни қуриш тақиқланиши мумкин
ALMATY. Кazinform – Алмати шаҳар маслиҳатининг навбатдан ташқари ХХVI сессияси давом этмоқда. Кун тартибидаги асосий масала – шаҳар ҳудудини ривожлантириш қоидаларини тасдиқлаш.
Алмати ҳокимининг ўринбосари Асқар Амрин мегаполиснинг сейсмик хавфли жойлашувини инобатга олган ҳолда қатъий чекловлар ва қурилиш талабларини жорий этиш кераклигини айтди.
– Асосий янгилик – ҳовлилар ва рекреацион ҳудудларда 12 қаватдан ортиқ қурилишни тақиқлаш. Қурувчи томонидан кўп қаватли уй-жой қурилиши топширилганда барча ҳужжатларни кўчмас мулк эгалари ширкатига топшириш тартиби белгиланган. Бу масала шаҳардаги барча қурувчилар учун тааллуқлидир, - деди у.
Шундай қилиб, ишлаб чиқилган қоидалар бутун қурилиш жараёнини бошидан охиригача тартибга солади.
Кун тартибидаги иккинчи масала – қурилиш объектларини текшириш тартибини тасдиқлаш.
Мегаполис жойлашган сейсмик зонани ҳисобга олган ҳолда, қоидалар фақат Алмати шаҳри ҳудудига тааллуқлидир ва қурилиш объектларининг сейсмик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Текширув давомида бинонинг пойдевори ва асосий конструкциялари сейсмик хавфсизлиги текширилади.
Эслатиб ўтамиз, Алматига йил бошидан буён 1,7 миллион сайёҳ ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.