Алмати шаҳрида шахмат бўйича Осиё қитъа чемпионати бошланди
Балуан Шолақ номидаги спорт саройида шахмат бўйича Осиё қитъа чемпионатининг расмий очилиш маросими ва биринчи давра ўйинлари бўлиб ўтди. Тадбирда Алмати шаҳар ҳокими ўринбосари Арман Қириқбаев, Қозоғистон шахмат федерацияси президенти Тимур Турлов, Осиё шахмат федерацияси бош котиби Хишам Ал-Тахер иштирок этди. Тимур Турлов Давлат раҳбарининг кўмагида Қозоғистон шахматнинг ҳақиқий марказига айланганини таъкидлади.
«Халқаро мусобақаларнинг тез-тез ўтказилиши мамлакатимизда шахматни ривожлантириш, шахмат федерациясимиз фаолиятини янада кучайтиришга хизмат қиляпти. Шу тариқа келажакда яна чемпионлар, кучли шахматчилар етишиб чиқади», – деди у.
Хишам Ал-Тахер, ўз навбатида, Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга мамлакатда шахматни ривожлантиришни қўллаб-қувватлагани учун, чемпионатни юқори савияда ўтказгани учун Алмати ҳокими Ерболат Досаев ва Тимур Турловга миннатдорлик билдирди.
Очилиш маросимидан сўнг биринчи давра ўйинлари ўтказилди. Унинг натижаларига кўра, қозоғистонлик гроссмейстер Ринат Жумабаев рақибига имконият қолдирмай, соф ғалабага эришди. Шунингдек, Муртас Қажиғалиев, Денис Махнев, Нўгербек Қазибек ва бошқалар ғолиб бўлди.
Хотин-қизлар ўртасида Арнаш Бауржан, Лия Курманғалиева, Ксения Балабаева, Амина Қайирбекова ғолибликни қўлга киритди.
Қозоғистон шахмат федерацияси маълумотига кўра, Осиё қитъа чемпионати Швейцария тизими ва ФИДЕ қоидалари бўйича 9 турдан иборат. Унда Осиёнинг 18 давлатидан 128 нафар кучли шахматчи иштирок этяпти.
«Мусобақа 12 июнга қадар давом этади. Тадбирнинг соврин жамғармаси 100 минг АҚШ долларини ташкил этади. Очиқ чемпионатнинг тўрт нафар ва аёллар ўртасидаги чемпионатнинг икки нафар ғолиби жорий йилнинг 29 июлидан 25 августига қадар Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган ФИДЕ-2023 жаҳон чемпионатида иштирок этади. Жаҳон кубоги ғолиблари шахмат оламидаги энг олий унвон – шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвони учун кураш олиб боради», – дея хабар берди Қозоғистон шахмат федерацияси матбуот хизмати.
Таъкидлаш жоизки, ҚР Маданият ва спорт вазирлиги, Осиё шахмат федерацияси, Қозоғистоннинг Алмати шаҳри ҳокимлиги, Қозоғистон шахмат федерацияси – шахмат бўйича Осиё қитъа чемпионати ташкилотчилари ҳисобланади.
Муаллиф: Думан Арғингелди