Алмати ботаника боғида сунъий ҳовуз таъмирланмоқда: олтин балиқлар бошқа жойга кўчирилди
ALMATY. Кazinform — Алмати бош ботаника боғидаги сунъий ҳовуз режали техник текширувдан ўтказилмоқда ва профилактика ишлари олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан боғ сунъий ҳовузда яшовчи олтин балиқлар ва оққушлар бошқа жойга кўчирилишини эълон қилди. Муассаса маълумотларига кўра, мутахассислар ҳовузнинг гидроизоляция мембраналари ва қопламаларининг ҳолатини текширадилар ва аниқланган нуқсонларни бартараф этадилар. Иш давомида балиқлар вақтинча Оққуш кўлидан боғнинг жанубий қисмида, Ал-Форобий шоҳ кўчаси ён томонида жойлашган ҳовузга кўчирилади ва қишга қолдирилади.
— Балиқларни бошқа жойга кўчириш — махсус билим ва тажрибани, шунингдек, алоҳида ғамхўрликни талаб қиладиган масъулиятли ишдир. Шунинг учун, ўн йилдан бери Алмати вилоятида карп боқиш ва кўпайтириш билан шуғулланиб келаётган ихтисослашган ташкилот «DWS» ЯТ МЧЖ бу ишга жалб қилинди, — дейилади ботаника боғи хабарида.
Кўчириш пайтида балиқларнинг соғлиғи текширилади ва касаллик белгилари бор-йўқлиги аниқланади. Агар керак бўлса, профилактика чоралари кўрилади.
— Қишда балиқларнинг метаболизми секинлашади ва уларнинг ҳаракати камаяди. Улар совуқ даврни муз остида ўтказадилар. Уларнинг қишдан омон қолишлари учун сувда этарли миқдорда кислородни сақлаб туриш жуда муҳимдир. Шунинг учун қишлаш ҳовузида доимий аэрация таъминланади ва балиқларнинг яшаш шароитлари доимий равишда кузатилади, — дейишади боғ вакиллари.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда 251 та кўнгилочар ва истироҳат боғи фаолият кўрсатмоқда.