АҚШда жазирама туфайли 162 миллион киши хавф остида
ASTANA. Kazinform - АҚШда тахминан 162 миллион киши 35 та штатни қамраб олган иссиқлик бўйича огоҳлантириш зонасида қолмоқда, деб хабар беради Kazinform мухбири Вашингтондан NBC News манбасига таяниб.
Башоратларга кўра, ҳафта охиригача иссиқлик янада кучаяди ва ҳаво ҳарорати 35–40°C гача кўтарилиши мумкин. Иссиқлик индекси, яъни инсон танасига сезиладиган ҳарорат 105–115°F (40,5–46°C) даражага етиши мумкин.
Хавф остидаги шаҳарлар қаторига Бостон, Нью-Йорк, Филадельфия, Балтимор, Вашингтон, Чикаго, Миннеаполис, Сент-Луис, Нэшвилл, Атланта, Орландо ва Кливленд киради.
Миллий метеорология хизмати маълумотига кўра, душанба куни Чикагода кундузги ҳарорат 33°C бўлган, бироқ у 39°C каби сезилган. Чоршанбагача энг юқори ҳарорат 38–43°C оралиғида бўлиши кутилмоқда. Огайо штати Дейтон шаҳрида эса сезилувчи ҳарорат 38°C ни ташкил этган.
Нью-Йоркда жума куни ҳарорат 35°C гача кўтарилиши, иссиқлик индекси эса 106°F (41,1°C) бўлиши кутилмоқда. Вашингтон ва Роли (Шимолий Каролина штати) шаҳарларида ҳафта охирида ҳарорат 39°C гача чиқиб, иссиқлик индекси мос равишда 108°F (42,2°C) ва 107°F (41,6°C) ни ташкил этади.
Аввалроқ Европадаги иссиқ ҳаво 1300 дан ортиқ инсон ўлимига сабаб бўлгани ҳақида хабар берилган эди.