1000 га яқин қозоқ ёшлари Венгрияда таҳсил олмоқда

Бу ҳақда ҚР Бош вазир ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийартонинг Қозоғистонга амалий ташрифи чоғида маълум қилди.
«Энергетика, жумладан, қайта тикланадиган энергия, нефт-газ, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, транспорт ва логистика каби муҳим йўналишларда инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бугунги кунда «Астана» Халқаро молия маркази сайтида ваколатхона очиш имкониятини кўриб чиқаётган венгрия компаниялари сони ортиб бормоқда. Шу билан бирга, икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим элементларидан бири таълимдир. Ҳозирда Венгрияда мамлакатнинг мингга яқин талабалари таҳсил олмоқда. Шу мақсадда дўст давлат ҳар йили 250 та грант ажратмоқда», - деди ТИВ раҳбари.
Шунингдек, у венгер тилида ўқишга қизиқувчи талабалар сони ортиб бораётганини таъкидлади.
«Биз Венгрия университетларида қозоқ тилини ўрганаётган венгриялик талабалардан ҳам миннатдормиз. Бу ёшлар келажакда мамлакатларимизни боғловчи «жонли кўприк»га айланишига шубҳа йўқ. Ишончим комилки, Қозоғистон-Венгрия муносабатлари кўлами биз кўтарган масалалар билан чекланиб қолмайди. Музокараларимиз ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун кенг майдон очади. Умид қиламанки, Венгрия ташқи иқтисодий алоқалар ва ташқи ишлар вазири Петер Сийартонинг ташрифи Нур-Султан ва Будапешт ўртасидаги стратегик шерикликни икки ва кўп томонлама форматда мустаҳкамлашга қўшимча туртки беради», - деди Мухтар Тлеуберди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Венгрияга экспорти ҳажми 40 фоизга ошгани ҳақида хабар берган эдик .
Муаллиф: Есимжан Нақтибай