Хитойдаги сув тошқини: Ҳайвонот боғидан 100 дан ортиқ ҳайвонни сув оқизиб кетди

ASTANA. Kazinform — Хитойнинг Гуанси-Чжуан автоном ҳудудида юз берган сув тошқини оқибатида ҳайвонот боғидан 100 дан ортиқ ҳайвонни сув оқизиб кетди, деб хабар беради Report .

Фото: Xinhua

Ҳайвонот боғи ҳудудини тўлиқ сув босган. Шу сабабли деярли барча ҳайвонларни сув оқизиб кетган. Қафасларда қолган йиртқич ҳайвонларнинг бир қисми, жумладан учта арслон ҳалок бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳайвонот боғига етказилган зарар тахминан 4 миллион юань (қарийб 590 минг АҚШ доллари) деб баҳоланмоқда.

Бундан аввал Хитойнинг шарқидаги Ханчжоу шаҳрида сув тошқинидан кейин илончилик фермасидан юзлаб заҳарли илонлар оқиб чиқиб, одамларга ҳужум қила бошлагани ҳақида хабар берилган эди.

Июль ойи бошида эса «Майсак» тайфуни кучли ёмғирларни олиб келган. Бунинг натижасида Гуанси-Чжуан автоном ҳудудидаги дарёларда сув сатҳи хавфли меъёрдан ошиб кетган. Табиий офат оқибатида 39 киши ҳалок бўлган, яна 9 киши бедарак йўқолган.

Шунингдек, Люлань сув омборидаги тўғон бузилган.

Синоптикларнинг прогнозига кўра, яқинлашаётган дам олиш кунларида Хитойнинг шарқий соҳилларига яқинлашиб келаётган кучли «Бави» тайфуни мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида яна кучли ёмғир ва сув тошқинларини келтириб чиқариши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Хитой сув тошқинидан жабрланган ҳудудларга қўшимча гуманитар ёрдам юборгани ҳақида хабар берилган эди.