Хитой сув тошқинларга қарши курашиш учун қўшимча 100 миллиард юань ажратади

Фото: Фото: Синьхуа

ASTANA. Kazinform — Хитой Халқ банки табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш учун қайта молиялаш квотасини 100 миллиард юанга оширди, дея хабар беради Синьхуа.

Хитой Халқ банки (ХХБ) қишлоқ хўжалиги ва кичик бизнесни қайта молиялаш квотасини 100 миллиард юанга (тахминан 14,01 миллиард
доллар) оширди.

ХХБнинг сешанба куни маълум қилишича, қарор табиий офатлардан кейин сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ва қайта тиклаш ишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Ушбу чора молия институтларини хўжалик юритувчи субъектлар, айниқса, микрофирма ва кичик корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар, қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик тармоқлари корхоналари, фермер хўжаликларини кредитлаш қўллаб-қувватлашини кучайтиришга рағбатлантириш мақсадида қабул қилинди.

Ёрдам табиий офатлардан жабр кўрган ҳудудларни, жумладан Пекин, Хэбэй, Цзилинь, Шаньдун ва Ганьсу провинцияларини қамраб олади.

Мамлакатнинг бош молиявий регулятори Марказий банкнинг ҳудудий бўлимларини янги қайта молиялаш квотасидан тўлиқ фойдаланишга чақирди.

Бундан ташқари, банк молия институтларини сув тошқинларига қарши курашиш ва тиклаш ишларини, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти ва ишлаб чиқаришини тезкорлик билан тиклаш учун зарур маблағ билан таъминлашга йўналтирмоқда.

Яқинда Хитой Молия вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мамлакатнинг етти вилоятига табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун 170 миллион юань (тахминан 23,8 миллион доллар)  ажратди.

Аввалроқ Хитойнинг Ички Мўғулистон автоном районида содир бўлган сув тошқини қурбонлари сони 10 кишига етгани хабар қилинганди.

Шунингдек, Хитой шимоли-ғарбидаги Ганьсу провинциясида содир бўлган сув тошқини оқибатида 15 киши ҳалок бўлди, 28 киши бедарак йўқолди.