Жўжи улуси: мактаб ўқувчилари Олтин Ўрда тарихи бўйича нималарни ўрганишади
ASTANA. Kazinform - Бу йил Жўжи улуси (Олтин Ўрда) ташкил топганига 800 йил тўлди. Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Атирауда бўлиб ўтган Миллий қурултойда Жўжи улусининг Қозоғистон тарихидаги алоҳида ўрни борлигини таъкидлади. Таълим-маориф вазирлиги Kazinform мухбирига бу ҳақида мамлакатимиздаги мактаб ўқув дастурларига қандай маълумотлар киритилганлигини маълум қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, Жўжи улуси ҳақидаги маълумотлар 6-10-синф дарсликларида мавжуд.
- Ўрта ёки умумий ўрта таълимнинг 5-9-синфлари ва 10-11-синфлари учун “Қозоғистон тарихи” фанининг намунавий ўқув дастурига мувофиқ, 6 ва 10-синфлар учун дарсликларда Олтин Ўрда даври, Жўжи улуси, Қозоғистон ҳудудида улус тизимларининг ривожланишига оид маълумотлар мавжуд, — дейилади вазирлик жавобида.
2018 йилда “Мектеп” ва “Атамұра” нашриётлари томонидан Қозоғистон тарихидан 6-синф учун дарслик чоп этилган. Унда Жўжи улуси ҳақида икки боб мавжуд.
– Дарсликда Чингизхон империяси ва улуслар, Олтин Ўрданинг (Жўжи улуси) ташкил топиши ҳақида маълумотлар берилган. Ўқувчилар Чингизхон томонидан яратилган турк-мўғуллар империяси билан таништирилади. Шу билан бирга, Чингизхоннинг меросхўрлари – Чиғатой, Ўгедей, Тўле томонидан яратилган улуслар ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда Чингизхоннинг тўнғич ўғли – Жўжи улуси, улуснинг вужудга келиши ва унинг ҳудудлари ҳақида ҳам маълумотлар берилади. Шундай қилиб, ўқувчилар давлатлар таркибидаги силсила ҳақида билиб, Қозоғистон ҳудудида улус тизимининг ривожланишини ўрганадилар. Чингизхон ва унинг меросхўрлари томонидан яратилган империя харитасидан фойдаланиб, Олтин Ўрда давлатининг улкан империяга айланиш йўлини таҳлил қилади, деб хабар беради Таълим-маориф вазирлиги матбуот хизмати.
10 синф учун Қозоғистон тарихи дарслигида (“Мектеп” нашриёти, 2019 йил) “Мўғуллар даврида Қозоғистон ҳудудида этногенез ва этник жараёнлар” боби берилган. Унда қозоқларнинг келиб чиқиш даврлари, “қозоқ” этнонимининг пайдо бўлиши, қозоқлар этногенезининг Қозоқ хонлигининг вужудга келишидаги аҳамияти ва маданий-генетик кодлари ўрганилади.
– Дарсликда “Қозоғистон ҳудудида улус тизимининг ривожланиши”, “XIII-XV асрлардаги давлатларнинг геосиёсий фаолияти ва уларнинг Евроосиёдаги тарихий жараёнларга таъсири” мавзулари киритилган. Ўқувчилар Жўжи улусининг (Олтин Ўрда) давлат тузилмаси билан танишадилар, Олтин Ўрда ва Русь ўртасидаги муносабатлар ҳақида маълумот оладилар. Болалар ушбу мавзулар бўйича давлат бошқарувидаги силсила ҳақида билиб оладилар ва Қозоғистондаги улус тизимининг ривожланишини ўрганадилар. Ўқувчилар Қозоғистон ҳудудида, қадимги даврлардан Олтин Ўрда (Жўжи улуси) давригача бўлган даврда жамиятнинг ижтимоий, маданий, сиёсий ва иқтисодий ривожланишининг асосий даврлари ва хусусиятлари тўғрисида билимларни ривожлантиради, - дейилади вазирлик жавобида.
Шунингдек, Таълим-аориф вазирлиги дарсликлар янгиланиб, Жўжи улуси ҳақидаги янги маълумотлар киритилишини ҳам маълум қилди.