ЖССТ ОИВ инфекциясини олдини олувчи янги дори воситасидан фойдаланишни тавсия қилди
ЖССТ мамлакатларни ОИВ инфекциясини юқтириш хавфи юқори бўлган одамлар учун ушбу профилактик дори воситаларидан фойдаланишни таъминлашга чақиради.
2021 йилда ОИВ инфекциясининг 1,5 миллион янги ҳолати қайд этилган.
Ўтган йили ҳар куни 4000 та янги ОИВ инфекцияси аниқланган.
Дунёда ОИВ инфекцияси билан касалланиш ҳолатларининг 70 фоизи асосий хавф гуруҳлари (жинсий хизмат кўрсатувчилар, эркаклар билан жинсий алоқада бўлган эркаклар, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар, маҳкумлар ва трансгендерлар) ва уларнинг жинсий шерикларига тегишли.
«Узоқ таъсир қилувчи каботегравир - ОИВ инфекциясини олдини олиш учун хавфсиз ва юқори самарали воситадир, аммо ҳозиргача у фақат клиник синовларда қўлланилган. Умид қиламизки, янги тавсиялар ОИВ профилактикасининг бошқа усуллари қатори КАБ-ДД режалаштириш ва амалга ошириш бўйича мамлакатларнинг саъй-ҳаракатларини тезлаштиришга ёрдам беради», - деди ЖССТнинг ОИВ, вирусли гепатит ва жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар бўйича Глобал дастури директори доктор Мег Доэрти.
КАБ-ДД - узоқ муддатли таъсир қилувчи дори бўлиб, дастлабки иккита инъекция тўрт ҳафта оралиғида, кейин ҳар саккиз ҳафтада киритилади.