Жорий йилнинг биринчи чорагида Қозоғистондан Тожикистонга импорт ҳажми 200 миллион долларга етди

ASTANA. Kazinform – 2023 йилнинг биринчи чорагида Қозоғистондан Тожикистонга импорт ҳажми 200 миллион долларга етди. Бу ҳақда Қозоғистон-Тожикистон бизнес-форумида ҚР Бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Серик Жуманғарин маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.
None

«Бугун мамлакатларимиз ўртасида стратегик шериклик даражасига кўтарилган чинакам дўстона муносабатлар ўрнатилди. Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг Қозоғистонга давлат ташрифи арафасида биродаримиз Тожикистон билан икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги биргаликдаги ниятимизни яна бир бор тасдиқловчи бугунги тадбирни ўтказамиз. Биз Тожикистон билан кенг кўламли йўналишларда ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз. Тожикистон минтақадаги асосий ҳамкорлардан бири саналади ва савдо ҳар йили ижобий динамика кўрсатиб келяпти», – деди ҚР Бош вазири ўринбосари.

Унинг маълумотларига кўра, ўтган йили икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 18,5 фоизга ошиб, 1,4 миллиард АҚШ долларига етган. Қозоғистон экспорти 9,7 фоизга ошиб, 877 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Хусусан, ғалла экспорти 29 фоиз, маргарин 7,6, кунгабоқар ёғи 42, арпа 2,3 баробар ошди. Тожикистондан импорт ҳажми қарийб 38 фоизга ошиб, 500 миллион долларга етди. Қозоғистон Тожикистондан мис концентратлари, қуритилган мевалар, ёнғоқлар, минерал ва газланган сув, сабзавот ва мевалар сотиб олади.

«Шунингдек, бу йил ҳам ушбу тенденция давом этаётганини хурсандчилик билан таъкидлаш лозим. Масалан, Қозоғистондан Тожикистонга экспорт ҳажми биринчи чоракда 22 фоизга ошиб, салкам 200 миллион долларга етди. Шу тариқа, Давлат раҳбарлари томонидан қўйилган давлатлар ўртасидаги товар айланмасини 1 млрд. долларга етказиш вазифаси муваффақиятли бажарилганини алоҳида таъкидламоқчиман. Бироқ, биз бу билан тўхтаб қолмай, натижаларимизни икки баравар оширишга эришишимиз керак», – деди Серик Жуманғарин.

Муаллиф: Марлан Жиембай


Сўнгги хабарлар