Жорий йилда Қозоғистон Президенти 11 та ҳудудда бўлиб, 60 дан ортиқ учрашувлар ўтказди
ASTANA. Kazinform - ҚР Президентининг маслаҳатчиси – Матбуот котиби Берик Уали Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг йил давомидаги фаолиятини таҳлил этиб, ижтимоий-сиёсий ҳаётда, ижтимоий-иқтисодий ривожланишда амалга оширилган туб ўзгаришлар ва муваффақиятлар ҳақида маълумот берди.
Унинг таъкидлашича, Президент жорий йилда амалий ташриф билан мамлакатнинг 11 та вилоятида бўлган. Ҳудудлардаги 60 дан ортиқ ишлаб чиқариш ва ижтимоий-маданий объектлар билан танишиб, аҳоли билан учрашди. Шунингдек, мамлакат бўйлаб 41 та тадбирда иштирок этган. Улар орасида форумлар, кенгашлар, йиғилишлар каби турли форматдаги йиғинлар ҳам бор. Мамлакатимиз сиёсий ва жамоат арбоблари билан 137 та учрашув ўтказди.
“Аввало, йил бошидаги хушхабарни айтиш яхши. 9 январь куни Президент Қасим-Жомарт Тоқаев “Алмати вилоятининг маъмурий-ҳудудий тузилишига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Жетиген қишлоғи Алатау шаҳрига айлантирилди. Шундай қилиб, келажакда Алмати ва Қонаев ўртасида кўтариладиган Alatau City шаҳрининг пойдевори қўйилди. Хорижий инвесторлар, айниқса, бир неча йиллардан бери муҳокама қилинаётган янги шаҳарсозлик лойиҳасини амалга оширишга қизиқиш билдирмоқда. Президент Сингапурга ташрифи ва ундан кейин ҳам салоҳиятли инвесторлар билан учрашиб, Алмати агломерациясини фаровон иқтисодий ҳудудга айлантиришга қаратилган лойиҳа тафсилотларини муҳокама қилди”, — деб ёзади Б. Уали Egemen Qazaqstan газетасидаги мақоласида.
Президент маслаҳатчисининг айтишича, бу йил ташқи сиёсатда самарали бўлди. Хусусан, Қасим-Жомарт Тоқаев жорий йилнинг ўтган даврида 23 марта хорижий мамлакатларга ташриф буюрди, 19 та халқаро форум ва саммитларда иштирок этди. Халқаро тадбирлар доирасида бошқа давлатлар раҳбарлари билан 27 марта учрашган.
Шунингдек, у хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари, бошқа юқори мартабали амалдорлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, ишбилармон доиралар вакиллари билан 84 та учрашув ўтказди. У 22 давлат элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.
Давлат раҳбарлари билан 49 марта телефон орқали мулоқот қилди.