Жорий йилда Қостанай вилояти ва Алматида KIA ва мультибренд заводлари ишга туширилади
ASTANA. Kazinform — Қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилардан харид қилинадиган товарлар рўйхати уч баробарга оширилди. Бу ҳақда Ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Бош вазир Олжас Бектенов ҳудудларнинг иқтисодий ўсиш суръатлари ҳақида маълумот берди.

“Ўтган йили Ҳукумат томонидан асосан маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш масалаларига устувор аҳамият берилди. Давлат харидлари доирасида фақат қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилардан харид қилинадиган товарлар рўйхати 4,5 минг номга, яъни уч баробарга оширилди”, – дейди О.Бектенов.
Унинг таъкидлашича, тартибга солинадиган харидлар доирасида мамлакатимиз корхоналари билан умумий қиймати 1 триллион тенгедан ортиқ бўлган узоқ муддатли ва оффтейк-шартномалари тузилган. Бу кўрсаткич 2,5 баробар ошди.
“Ўз навбатида ишлаб чиқарувчилар ҳам корхоналарни технологик янгилаш, маҳсулот сифати ва маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича мажбуриятлар оляптилар. Масалан, автомобиль ишлаб чиқарувчилар маҳаллийлаштиришни жорий йилда 30 фоизга, 2027 йилгача эса 50 фоизга ошириш мажбуриятини олган. Жорий йилда Қостанай вилояти ва Алмати шаҳрида умумий ишлаб чиқариш қуввати йилига 160 минг автомобиль бўлган иккита йирик автомобиль заводи, KIA ва мультибренд заводларини ишга туширамиз”, - деди Ҳукумат раҳбари.
Унга кўра, ўтган йили Ҳукумат четдан келтирилган трактор ва комбайнларни субсидиялашдан бош тортган. Бу аввалроқ Қозоғистонда ўз заводларини очган хорижлик қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилари учун фойдали бўлган. Мисол учун, Германиянинг Claas концернининг Петропавлдаги заводига берилган буюртмалар ҳажми икки баробарга ошди. Бугунги кунда бошқа қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқарувчилари Қозоғистонда ўз ишлаб чиқаришларини маҳаллийлаштиришга киришди.
“Электровозлар ва локомотивлар ишлаб чиқаришда “Alstom” ва “Wabtec” заводлари сезиларли технологик ютуқларга эришди. Ўтган йили Атирау вилоятида қиймати 350 миллион доллар бўлган, йиллик қуввати 6 минг вагон ишлаб чиқариш қувватига эга завод ишга туширилди. Бу йил Астанадаги Stadler заводи дастлабки 50 та йўловчилар вагонни ишлаб чиқаришни бошлайди”, - деди Бош вазир.
Аввал хабар қилинганидек, 2024 йилда иқтисодиёт 4,8 фоизга ўсди. Қишлоқ хўжалигида - 13,7 фоиз, қурилишда - 13,1 фоиз, савдода - 9,1 фоиз, транспортда - 8,5 фоиз ўсишга эришилди. Ишлаб чиқариш саноати ҳажми 5,9 фоизга ошди. Қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш сектори сўнгги 10 йилдаги энг тез ўсишни қайд этди.