Жорий йилда кичик ва ўрта бизнес субъектларининг 900 миллиард тенгедан ортиқ банк кредитлари субсидияланади
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Ҳукумати инвестиция муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича комплекс ишларни давом эттирмоқда, дея хабар беради Kazinform Ҳукумат матбуот хизматига таяниб.

Бугунги кунда кўрилган чора-тадбирлар туфайли кичик ва ўрта бизнесда банд бўлганлар сони 10 фоизга ошиб, 4,3 миллион кишига етди. Бу мамлакатдаги меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг 45 фоизини ташкил этади. Ўтган йилнинг 9 ойида Қозоғистон ялпи ички маҳсулотида кичик ва ўрта бизнеснинг улуши 36,5 фоизгача ошди.
Бизнес шартлари анча соддалаштирилди. Масалан, 10 000 дан ортиқ ортиқча даъволар олиб ташланди. Хатарларни бошқариш тизимларини автоматлаштириш натижасида 1 январдан бошлаб инсон иштирокисиз текширишлар ўтказилиши белгиланди. Ушбу чора текширувлар сонини 2 баробар қисқартиради.
Шу билан бирга, давлат тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширади. Хусусан, жорий йилда кичик ва ўрта бизнес субъектларининг 900 миллиард тенгедан ортиқ банк кредитларини субсидиялаш ва кафолатлаш режалаштирилган.
“Бизнеснинг йўл харитаси” ва “Оддий нарсалар иқтисодиёти” дастурлари интеграциясини ҳисобга олган ҳолда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг янги усуллари ишлаб чиқилди. Субсидиялашдан кафолат воситаларига ва бошқа молиявий бўлмаган қўллаб-қувватлаш чораларига босқичма-босқич ўтиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, облигациялар ва қўшма кредитлар орқали молиялаштириш воситалари кенг қўлланилади.
Бошқарувнинг сервис моделини жорий этишни назарда тутувчи янги Солиқ кодекси устида ишлаш давом этмоқда. Натижада солиқ мажбуриятларини бажариш жараёни сезиларли даражада соддалаштирилади. Солиқлар ва бошқа тўловларнинг умумий сони 20 фоизга, солиқ ҳисоби шакллари сони эса 30 фоизга қисқартирилади. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш саноатида янги лойиҳалар 3 йил муддатга солиқ тўлашдан озод қилинади.
Бунинг натижасида солиқ мажбуриятларини бажариш соддалаштирилиб, солиқларни ундириш самарадорлиги ортади.