Жорий йил кузда дунё аҳолиси 8 миллиардга етади
«Дунё аҳолиси 1950 йилдан бери энг паст суръатда ўсмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг сўнгги прогнозларига кўра, дунё аҳолиси 2030 йилда 8,5 миллиардга, 2050 йилда эса 9,7 миллиардга етиши мумкин. 2080 йилларда 10,4 миллиард одамнинг энг юқори чўққисига эришилади ва ундан кейин, тахминан йигирма йил давомида бу кўрсаткич ўзгаришсиз қолади.
«Бу ўртача умр кўриш давомийлигини оширган, оналар ва болалар ўлимини сезиларли даражада қисқартирган соғлиқни сақлаш соҳасидаги ютуқларни нишонлаш учун имкониятдир. Шу билан бирга, бу бизнинг сайёрадаги вазият учун умумий масъулиятимизни эслатади», - деди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.
Шу билан биргаликда, туғиш кўрсатгичи пасаймоқда.
World Population Prospects 2022 ҳисоботи муаллифларининг қайд этишича, сўнгги ўн йилликларда кўплаб мамлакатларда туғилиш даражаси сезиларли даражада пасайган. 2022 йилдан 2050 йилгача дунё бўйлаб 61 мамлакат аҳолиси туғилишнинг доимий пастлиги ва айрим ҳолларда эмиграция кўрсаткичларининг ошиши туфайли камида бир фоизга қисқариши кутилмоқда.
2050 йилга бориб дунё аҳолисининг прогноз қилинаётган ўсишининг ярмидан кўпи қуйидаги саккизта давлатга тўғри келади: Конго Демократик Республикаси, Миср, Эфиопия, Ҳиндистон, Нигерия, Покистон, Филиппин ва Танзания.
Фото: news.un.org