Жорий ўқув йилида Қозоғистонда талабалар сони 650 минг нафарга яқин бўлади – ҚР Фан ва олий таълим вазири
ASTANA. Kazinform - Мактаб битирувчилари сони йил сайин ортиб бормоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек Ҳукумат йиғилишида маълум қилди, дея хабар беради Кazinform мухбири.
— Бу йил мактабни 188 минг нафардан ортиқ битирувчи тамомлади. Улардан 140 мингга яқини ОТМларнинг биринчи курсига кириши кутилмоқда. Шундай қилиб, жорий ўқув йилида жами талабалар сони 650 минг нафарга яқин бўлади, — деди Саясат Нурбек.
Вазирнинг таъкидлашича, мактаб битирувчилари сони йил сайин ортиб бормоқда.
— Кўриб турганингиздек, 2020 йилдан бошлаб мактаб битирувчилари сони йил сайин ортиб бормоқда, шу боис грантлар сонини оширдик. Бундан ташқари, олий таълим олиш имкониятини оширишнинг қўшимча механизмлари мавжуд. Хусусан, табақалаштирилган грантлар, имтиёзли кредитлар, “Миллий жамғарма – болаларга” ва “Келешек” дастурлари, — дея қўшимча қилди Саясат Нурбек.
Вазирлик маълумотларига кўра, республикада 120 та олий таълим муассасаси (11 та миллий, 29 та давлат, 14 та нодавлат, 1 та мустақил таълим ташкилоти, 1 та халқаро, 16 та акциядорлик ва 48 та хусусий таълим муассасаси) мавжуд.