Жибути қирғоқлари яқинида муҳожирлар кетаётган қайиқ ағдарилиб, 139 киши ҳалок бўлди
ASTANA. Kazinform — Жибути қирғоқлари яқинида 305 нафар муҳожир кетаётган қайиқ ағдарилиб, камида 139 киши ҳалок бўлди. Уларнинг орасида 15 нафар бола ҳам бор. Яна 84 киши бедарак йўқолганлар қаторида. Бу ҳақда DW БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) маълумотларига таяниб хабар беради.
Ташкилотнинг 11 октябрда тарқатган маълумотига кўра, қайиқ Жибутидан Яманга қараб йўл олган. Ҳалокат 9 октябрга ўтар кечаси Жибутининг Обок порт шаҳри яқинида содир бўлган.
Қайиқда бўлган 305 кишидан 82 нафари омон қолган. Уларнинг барчаси Эфиопия фуқароларидир. БМТ вакилларининг маълум қилишича, ҳодиса ҳақидаги дастлабки маълумотлар тирик қолганларнинг кўрсатмалари асосида тўпланган.
“Бизнинг ходимларимиз маҳаллий ҳокимият вакиллари билан биргаликда ҳодиса жойида иш олиб бориб, жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатяпти. Бу фожиали ҳодиса иқтисодий имкониятлар излаб, ушбу йўналиш бўйича сафарга чиқадиган муҳожирлар қанчалик катта хавфга дуч келишини яна бир бор кўрсатди”, — деди Халқаро миграция ташкилотининг Жибутидаги миссияси раҳбари Александр Куассак.
Айни пайтда Жибути ҳукумати қидирув-қутқарув ишларини давом эттиряпти. Омон қолганларга тиббий ёрдам кўрсатиляпти. Ҳалок бўлганларни дафн этиш ишлари ҳам ташкил этилган.
Reuters агентлигининг маълумотларига кўра, сўнгги вақтларда Эфиопияни тарк этишга мажбур бўлаётган одамлар сони ортиб бормоқда. Бунга мамлакатда қуролли тўқнашувларнинг қайта авж олиши, фуқароларни қуролли гуруҳларга мажбуран жалб этиш ва қурғоқчилик сабаб бўлмоқда.
Муҳожирлар дастлаб Яманга етиб бориб, кейин Форс кўрфазидаги бошқа мамлакатларга ўтишни мақсад қилган. Бироқ Яманнинг ўзида ҳам Саудия Арабистони қўллаб-қувватлайдиган ҳукумат кучлари билан Эрон қўллаб-қувватлайдиган ҳусийлар ўртасидаги тўқнашувлар кучайгани сабабли аҳоли мамлакатни тарк этмоқда.
БМТ бир неча йилдан бери Жибути орқали ўтувчи «Шарқий миграция йўналиши» бўйлаб муҳожирлар оқими юқори эканини қайд этиб келади.
Ушбу йўналишда одамлар денгиз ҳалокатлари, одам савдоси ва қуруқликка етиб келганидан кейин ноқонуний равишда ушлаб қолиниш хавфига дуч келади.
Халқаро миграция ташкилотининг Missing Migrants Project лойиҳаси маълумотларига кўра, 2025 йилда мазкур йўналишда 900 нафардан ортиқ муҳожир ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. Шунга қарамай, ушбу йўл орқали сафарга чиқадиган одамлар сони 18 фоизга ошган.