Жетисай ва Сариағашда тўқимачилик саноатини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон компаниялари билан музокаралар олиб борилмоқда

Тўқимачилик
Фото: aimak.com.kz

ASTANА. Кazinform - Ўзбекистон компаниялари билан Жетисай ва Сариағаш туманларида тўқимачилик саноатини ривожлантириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Бу ҳақда ҚР Бош вазири Олжас Бектеновнинг Сенат депутатлари саволига берган жавобида айтилди.

“Вилоятлар ҳокимликлари томонидан чегарага яқин аҳоли пунктларига инвесторларни жалб этиш ҳисобига инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. Масалан, Алмати вилояти чегараси яқинидаги Уйғур туманида модификацияланган крахмал ишлаб чиқарувчи завод ва иссиқхона қуриш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шунингдек, келгусида замонавий чорвачилик мажмуаси қуриш лойиҳаси ҳам амалга оширилади”, — деди Олжас Бектенов.

Бундан ташқари, Ҳукумат раҳбарининг сўзларига кўра, Сингапурнинг «Korcem» МЧЖ компанияси иштирокида Жамбил вилоятининг Қордай туманида чегара яқинида цемент ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Айни пайтда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, Қордай туманида Германия компанияси иштирокида «Monterra Qasaqstan» МЧЖнинг кон-металлургия комбинати қуриш ва олтин конларини ўзлаштириш бўйича инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

“Ўзбекистон Республикасининг «Global Textile», «Gurlan Global Teks» ва «Tulpar Textille» компаниялари билан Туркистон вилояти чегараси яқинидаги Жетисай ва Сариағаш туманларида пахта-қоғозни қайта ишлаш корхонаси ва тўқимачилик фабрикаси қуриш бўйича музокаралар олиб борилди. Бундай инвестиция лойиҳалари бошқа ҳудудларда ҳам амалга оширилмоқда”, — деди Бош вазир.

Сўнгги хабарлар