Женевада Қозоғистон кўмагида шахмат бўйича жаҳон чемпионати очилди
ASTANА. Кazinform – 22 ноябрь куни Швейцариянинг Женева шаҳридаги Миллатлар саройида Халқаро шахмат федерацияси ( FIDE) шафелигида Қозоғистоннинг БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий ваколатхонаси кўмагида ўтказиладиган 2026 йилги жаҳон шахмат чемпионатининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Кazinform мухбири.
"Қозоғистон" залида Қозоғистоннинг доимий вакили Ержан Казихан, FIDE президенти Тимур Турлов, БМТ вакиллари, шунингдек, жаҳон шахмат чемпиони унвони учун ўйин иштирокчилари — амалдаги жаҳон чемпиони, Ҳиндистон вакили Гукеш Доммараджу ва Ўзбекистондан номзод Жавоҳир Синдоров иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Маросимда сўзга чиққан Ержан Қазихан шахматнинг халқаро мулоқот ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашдаги ролини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, стратегик фикрлаш тамойиллари, қоидаларга ҳурмат ва ўзаро мақбул ечимларни излаш шахмат ва дипломатиянинг марказида туради. Шунингдек, у Қозоғистонда шахматни ривожлантиришга ва қозоғистонлик ёшлар орасида ушбу спорт турига қизиқишнинг ошишига алоҳида эътибор қаратди.
Очилиш маросими Миллатлар саройининг Ассамблея залида дипломатик корпус, халқаро ташкилотлар вакиллари ва жаҳон шахмат ҳамжамияти иштирокида бўлиб ўтди.
Шахмат бўйича жаҳон чемпионати 2026 йил 22 ноябрдан 12 декабргача Женева яқинидаги Колоньидаги Мартин Бодмер жамғармасида бўлиб ўтади. Гукеш Доммараджу ва Жавоҳир Синдоров ўртасидаги ўйин жаҳон шахмат чемпиони унвони учун кураш тарихидаги энг ёш ўйин бўлади. Иккала иштирокчи ҳам 20 ёшда. Биринчи ўйин 24 ноябрга режалаштирилган.
Қозоғистон томони иштирокида очилиш маросимининг ташкил этилиши мамлакатнинг халқаро майдонда шахматни тарғиб қилишдаги фаол ролини ва жаҳон шахмат ҳаракати ривожига қўшган ҳиссасини намойиш этади. Бу Тимур Турловнинг FIDE президенти этиб сайланиши нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим тадбирдир.
Эслатиб ўтамиз, Президент Қозоғистон шахмат федерацияси олдида турган устувор вазифаларни айтиб ўтди.