Жанубий Кореяда туғилиш кўрсаткичи сўнгги саккиз йилдаги энг юқори даражага етди

ASTANA. Kazinform — 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Жанубий Кореяда туғилган чақалоқлар сони статистик кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткичга етди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар берди.

младенец
Фото: pixabay

Жанубий Корея Статистика вазирлиги маълумотларига кўра, сентябрь ойида мамлакатда 25 113 нафар чақалоқ дунёга келган. Бу ўтган йилнинг шу ойидаги кўрсаткичдан 12,2 фоизга кўп. Мамлакатда янги туғилган чақалоқлар сонининг ўсиши кетма-кет 27 ойдан буён шу тарзда давом этиб келяпти. Сентябрь ойидаги кўрсаткич эса сўнгги саккиз йилдаги энг юқори даражага етган.

2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Жанубий Кореяда 218 896 нафар бола туғилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,3 фоизга кўпдир. Шунингдек, 1981 йилдан буён юритиб келинаётган статистикада бундай юқори ўсиш илк бор қайд этилди.

Бундай ижобий ўзгаришга никоҳлар сонининг ортиши, 30-39 ёш оралиғидаги аҳоли улушининг кўпайиши ҳамда фарзандли бўлишга нисбатан муносабатнинг ижобий томонга ўзгариши таъсир кўрсатган.

Шунингдек, сентябрь ойида Жанубий Кореяда 16 299 та никоҳ қайд этилган. Бу ўтган йилнинг шу ойидаги кўрсаткичдан 11,7 фоизга кам. Шу тариқа, никоҳлар сони кетма-кет икки ой давомида пасайган.

Статистика вазирлиги маълумотларига кўра, бундай ўзгаришга келаси йилдан бошлаб ёш оилаларга бериладиган давлат молиявий ёрдами жорий этилишини кутаётган жуфтликлар ҳам таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.