Жанубий Кореяда 44 та вазирлик Сеулдан Сежонг шаҳрига кўчирилади

ASTANA. Kazinform — 2031 йилга қадар Жанубий Корея ҳукумати давлат бошқарувини кенг кўламли ислоҳ қилиш доирасида 44 та давлат идорасини Сеулдан Сежонг маъмурий шаҳрига кўчиришни режалаштирган. Ушбу ташаббус доирасида тахминан 10 минг нафар давлат хизматчиси ҳам кўчиб ўтади, деб хабар беради The Korea Times.

Южная Корея перенесет 44 министерства и ведомства из Сеула в Седжон
Фото: Seoul Economic Daily

Сежонг шаҳрига кўчириладиган идоралар қаторида ташқи ишлар, бирлашиш ва миллий мудофаа вазирликлари ҳам бор. Кўчириш жараёни идораларнинг эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда, идоралар учун мўлжалланган биноларнинг тайёр бўлишига қараб босқичма-босқич амалга оширилади.

Келгуси йили 27 та идора вақтинча ижарага олинган биноларга кўчишни бошлайди. 2027 йилнинг биринчи ярмида Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш комиссияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий комиссия каби олтита идора кўчирилса, 2027 йилнинг иккинчи ярмида яна 19 та идора янги жойга кўчади.

Янги Ҳукумат мажмуаси қурилиши якунланганидан сўнг Бош прокуратура, Миллий полиция бошқармаси ва Оғир жиноятларни тергов қилиш агентлиги каби бир нечта давлат органлари ҳам кўчирилади. Ушбу идоралар учун тергов, хавфсизлик ва назорат ишларини амалга ошириш мақсадида алоҳида бинолар талаб этилади.

Давлат идораларини кўчириш ташаббуси пойтахтда ҳукумат функцияларининг ҳаддан ташқари жамланишини камайтириш ва мамлакатни мутаносиб ривожлантириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Сеулдан жанубда, тахминан 110 километр масофада жойлашган Сежонг шаҳрига биринчи бўлиб 2012 йилда Бош вазир идораси кўчирилган эди. Кейинчалик шаҳарда ўнлаб марказий ҳукумат ташкилотлари жойлаштирилди.