Жанубий Кореяда 10 ёшли вундеркинд безорилар туфайли мактабни ташлаб кетди
2016 йилда Бэк Кан Хён (Baek Kang-hyun) 3 ёшу 5 ойлик бўлганида SBS телеканалининг иқтидорли болалар дастурида ўзининг ажойиб математик маҳорати ва мусиқий истеъдодини намойиш этди. Ўша пайтдаги ёш иқтидор соҳибининг IQ кўрсаткичи 204 балл эди.
Бола шу йилнинг март ойида Сеул табиий фанлар ўрта мактабига ўқишга кирганида яна ҳаммани ҳайратда қолдирди, бироқ яқинда YouTubeдаги эфир чоғида ўз ихтиёри билан мактабни ташлаб кетганини айтди. Унга математик муаммоларни ечиш машинасига айлангани ёқмаган.
Боланинг отасининг сўзларига кўра, унинг ўғли доимий равишда синфдошларининг оғзаки ҳақоратига учраган, доймий тушкунликка тушиб қолган.
Боз устига, ижтимоий тармоқда болакайни ҳақорат қилувчи беҳаё сўзларни ўз ичига олган хабарлар топилган. Отаси полицияга ариза берган. Унинг қўшимча қилишича, мактабга кириш вақтида ўғлининг вазни 27 кг бўлган, ҳозир эса атиги 22 кг.
Кейинроқ болакайни ҳақорат қилганлар расмий узр сўрашди, вундеркинднинг оиласи уларни кечиришга қарор қилган.