Жанубий Корея ёшлари сони 30 йил ичида икки баробарга қисқаради

Корея статистика агентлигининг прогнозларига кўра, аҳолининг тез қариши ва туғилишнинг рекорд даражада пастлиги туфайли жанубий кореялик ёшлар сони 30 йил ичида икки баробарга қисқаради, деб хабар беради Kazinform агентлиги Yonhapга таяниб.

Сеул
Фото: pixabay.com

Кореяда 19 ёшдан 34 ёшгача бўлганлар сони 2020 йилда 10,21 миллион кишини ташкил этган бўлса, 2050 йилга бориб бу рақам 5,21 миллионга тушиши кутилмоқда.

Ёш аҳолининг улуши 2020 йилда мамлакат умумий аҳолисининг 20,4 фоизини ташкил этган бўлса, 2050 йилга келиб бу кўрсаткич 11 фоизга тушиши кутилмоқда, дея қўшимча қилди агентлик.

Сўнгги ўн йилликларда бу ёш гуруҳидаги турмушга қурмаган ўғил болалар ва турмушга чиқмаган қизларнинг фоизи ортиб бормоқда.

2020 йилда 7,84 миллион ёшлар турмуш қурмаган бўлиб, бу ёш гуруҳидаги умумий аҳолининг 81,5 фоизини ташкил қилади. Бу кўрсаткич 2000 йилда 54,5 фоизни, 2010 йилда 68,9 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, Жанубий Кореяда кўпроқ аёллар ишлайди, уларнинг улуши 2000 йилдаги 42,3 фоиздан 2020 йилда 61,1 фоизга ошган.

2023 йилда туғилишнинг умумий коеффициенти рекорд даражада паст бўлган - 0,7.

Сўнгги хабарлар