Жамиятнинг барча вакилларининг фикри ҳисобга олинади ва умумий қарор қабул қилинади - Давлат маслаҳатчиси

Ерлан Қарин
Фото: Дамир Ерубаев

ASTANА. Кazinform - Қозоғистон Республикаси Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин Egemen Qazaqstan газетасида чоп этилган мақоласида “Халқ овозига қулоқ соладиган давлат” концепцияси миссиясига тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича ўтказилган референдум “халқ овозига қулоқ соладиган давлат”нинг яққол мисолидир.

– “Халқнинг овозига қулоқ соладиган давлат” деган концепция “Адолат қандай ўрнатилади?” деган саволга “халқ билан яқин алоқада бўлиш, унинг дарди ва эҳтиёжларини тинглай билиш орқали ўрнатилади” деган жавобга асосланади. Бироқ “Халқ овозига қулоқ соладиган давлат” тушунчаси фуқароларнинг кундалик муаммоларини фақат тезкор ва самарали ҳал этишни англатмайди. Шу билан бирга, мазкур концепция мамлакатимиз тараққиёти билан боғлиқ асосий масалалар юзасидан жамиятнинг барча вакилларининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда жиддий ва умумий қарор қабул қилинишидан далолат беради, - деди Е. Қарин.

Бундан ташқари, Давлат маслаҳатчиси тўртта асосий хулосанинг муҳимлигини таъкидлади. Улар: “Турли фикрлар – яхлит миллат”, “Қонун ва тартиб”, “Кучли Президент – ​​нуфузли Парламент – ​​ҳисоб берадиган Ҳукумат” ва “Ҳалол фуқаро”.

- "Ислоҳотлар натижаси қани, ваъда қилинган ўзгаришлар қани? Янги Қозоғистоннинг қиёфаси шуми?" қабилида мулоҳазалар билдирилади. Ўзгаришлар бир зумда содир бўлмайди. Ислоҳотларни амалга ошириш жуда катта куч ва вақт талаб этади. Муаммонинг моҳиятини билмаган одамга бу жараён жуда узоқ давом этаётгандек туюлиши мумкин. Бироқ, ўзгаришлар мавжуд. Ҳар қандай ислоҳот - машаққатли меҳнат талаб қиладиган жуда мураккаб жараён. Ким нима демасин, Қозоғистон ислоҳотлар йўлидан ишончли қадам ташламоқда, - деди Қозоғистон Республикаси Давлат маслаҳатчиси.

Сўнгги хабарлар