Жамбил вилоятида энг яхши товарлар аниқланди
«Коне Тараз» тарихий-маданий мажмуасининг кўргазмалар залида Жамбил вилоятида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва поябзал, мебел, сувенирлар, кимё ва қурилиш маҳсулотларини томоша қилиш мумкин.
Жамбил вилояти «Атамекен» тадбиркорлар палатаси маълумотларига кўра, танловда янги бошланувчилар ҳам, вилоятнинг таниқли маҳаллий ишлаб чиқарувчилари ҳам иштирок этишди.
«Кўргазмалар залида озиқ-овқат, кимё, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш саноатининг 82 та товар ишлаб чиқарувчиси ўз экспозицияларини жойлаштирди», - дейилади вазирлик хабарида.
Кўргазмага маҳаллий ҳокимликлар, тадбиркорлик ва саноат-инновацион ривожланиш бошқармалари вакиллари, депутатлар, тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюрди. Танлов иштирокчиларини баҳолашда маҳсулот сифати ва рақобатбардошлиги асосий мезонлар бўлди.
«Қозоғистоннинг энг яхши товарлари» минтақавий кўргазмасида илк бор Жамбил вилоятидан ўттиздан ортиқ янги корхона иштирок этди.
«Дебютантлар орасида қурилиш материаллари, косметика, кийим-кечак, поябзал, мебел, ўйинчоқлар, қишлоқ хўжалиги техникаси, нон ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар иштирок этди. Бу ва бошқа кўплаб товарлар яқинда Жамбил бозорида пайдо бўлди», - дейилади вазирлик хабарида.
Мустақил эксперт-аудиторлар, хўжалик бирлашмалари, жамоат бирлашмалари вакилларидан иборат эксперт комиссияси номинациялар бўйича танлов ғолибларини аниқлади.
«Энг яхши саноат товарлари» номинациясида бетон, қурилиш гипси ва цементдан маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи «Алатау Гроуп» корхонаси энг яхши деб топилди.
«Аҳоли учун энг яхши товар» номинациясида дезинфекциялаш воситаларини ишлаб чиқарувчи «Паритет 2004» МЧЖ биринчи бўлди.
«Энг яхши озиқ-овқат маҳсулотлари» номинациясида қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари учун озуқа ишлаб чиқарувчи «Eco-chicken» корхонаси биринчи ўринни эгаллади.
Ҳудудий танлов ғолиб ва совриндорлари жорий йил охирида Нур-Султанда ўтказиладиган «Қозоғистоннинг энг яхши маҳсулоти» республика танловида иштирок этади.
Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони 76 мингдан ортиқ. Кичик ва ўрта бизнесда банд бўлганларнинг умумий сони қарийб 124 минг кишини ташкил этади.
Муаллиф: Галина Скрипник