Жаҳон футболи юлдузлари Холанд ва Эдегор Алмати шаҳрига келди

Холанд ва Эдегор
Фото: Александр Павский/ Kazinform

ASTANА. Кazinform – Эртага, 6 сентябрь куни Алмати шаҳрида Қозоғистон ва Норвегия терма жамоалари УEФА Миллатлар лигаси доирасидаги баҳсларда иштирок этади. Шу муносабат билан Норвегия терма жамоаси матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб қайтарди ва Марказий стадионда илк машғулотини ўтказди.

Алматига етиб келган Норвегия терма жамоаси сафида Эрлинг Холанд, Мартин Эдегор каби жаҳон футболи юлдузлари ҳам бор.

“Йўл жуда мураккаб бўлди. Таркибдаги барча футболчиларни олиб келдик. Қозоғистон терма жамоасидаги ҳар бир футболчини жуда яхши биламиз. Улар Дания ва Финляндияни мағлуб этишди. Биз бу ўйинларни томоша қилдик, аввалги ва ҳозирги мураббийларни солиштирдик. Рамазан Оразовнинг «Силькеборг» сафида ўйнашини ҳам биламиз. Гуруҳимиздаги барча жамоалар бир хил даражада. Ҳар бири бир-биридан очко олиши мумкин. Келажакдаги мақсадимиз жаҳон чемпионати ва Европа чемпионатининг финал босқичига йўлланмани қўлга киритишдир. Бу жамоамиз учун катта ютуқ. Йигирма йилдан бери ҳеч қандай мусобақада қатнаша олмадик. Кейинги йиллардаги муваффақиятсизликдан таажжубдамиз”, - деди Норвегия терма жамоаси бош мураббийи Столе Сольбаккен.

Айни пайтда тилга олинган жамоанинг асосий футболчиси Мартин Эдегор бўлажак учрашувга тайёргарлиги ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

“Биз Қозоғистон терма жамоаси ҳақида кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қилдик. Бундай ишлар ҳар бир ўйиндан олдин амалга оширилади. Биз рақибни ўрганамиз. Аввало, ўз ўйинимиз ва кучли томонларимиз ҳақида ўйлаймиз”, - деди у.

Матбуот анжуманидан сўнг Норвегия терма жамоаси Марказий стадионнинг яшил майдонида навбатдаги ўйинолди машғулотини ўтказди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон ва Норвегия терма жамоалари 6 сентябрь куни соат 19:00да Алмати шаҳридаги Марказий стадионда тўқнаш келишади.

Сўнгги хабарлар
telegram