Жаҳон банки Қирғизистонга 50 миллион доллар ажратади
Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Атмосфера ифлосланиши ва унинг инсон саломатлиги ва мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш мақсадида Қирғиз Республикасида ҳаво сифатини яхшилаш лойиҳасига 50 миллион доллар ажратилишини маъқуллади, деб хабар беради Kazinform Жаҳон банки сайтига таяниб.

Қирғиз Республикасида ҳаво сифатини яхшилаш лойиҳаси мамлакатнинг ҳаво сифатини бошқариш салоҳиятини мустаҳкамлаш ва Бишкекдаги PM2.5 заррачалари ва иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиришга қаратилган.
“Ҳаво сифатини бошқариш миллий ва шаҳар ҳокимиятлари, манфаатдор томонлар ва ривожланиш ҳамкорларидан комплекс ёндашувни талаб қилувчи мураккаб вазифадир. Атмосфера ифлосланишини камайтириш орқали Қирғиз Республикаси нафақат ҳаво сифатини яхшилайди, балки иссиқхона газлари чиқиндиларини ҳам камайтиради ва яшил иқтисодиётга ўтади”, – деди Жаҳон банкининг Қирғиз Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари Навид Хасан Накви.
Қирғиз Республикасида ҳаво сифатини яхшилаш лойиҳасини молиялаштириш Жаҳон банкининг имтиёзли кредитлаш бўлими бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси (ХТА) томонидан 10 йиллик кечиктириш муддати билан 50 йиллик фоизсиз кредит шаклида тақдим этилади. Лойиҳа 2030 йил декабригача амалга оширилади ва уни амалга оширишда қатъий халқаро стандартлар қўлланилади.
Жаҳон банкининг Қирғиз Республикасидаги дастури турли тармоқларни модернизация қилиш ва ривожлантиришни қўллаб-қувватловчи 22 лойиҳадан иборат бўлиб, мажбуриятлари 1,05 миллиард доллардан ортиқ.