Ўзбекистонда «Палов индекси» шакллантирилмоқда
Ушбу индексни жорий қилишда Европанинг аксарият мамлакатларида «Биг-Мак индекси», Россияда «Оливье индекси» кабилар намуна сифатида олинган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан мамлакатнинг барча ҳудудий марказларида жойлашган йирик умумий овқатланиш муассасалари (жумладан, «Ош марказлари»)даги 1 килограмм палов учун сарфланадиган масаллиқлар рўйхати, шунингдек, уларнинг нархлари (қиймати) тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилиб борилмоқда.
Ушбу маълумотларнинг шакллантиришда Республиканинг барча ҳудудларида 1 килограмм палов тайёрлаш учун сарфланадиган масаллиқлар миқдори ўрганиб чиқилган.
Унга кўра, 1 кг. тайёр паловнинг қийматини ҳисоблаш (барча сарф-харажатларини инобатга олган ҳолда) учун:
• Ўсимлик ёғи (300 гр.);
• Пиёз (300 гр.);
• Мол гўшти (700 гр.);
• Сабзи (1 кг.);
• Гуруч (1 кг.);
• Нўхат (100 гр.);
• Майиз (50 гр.);
• Зираворлар (10 гр.);
• Ош тузи (5-10 гр.) ҳисобга олинади.
Шу асосда, умумий овқатланиш муассасаларида «1 порция» паловнинг ўртача нархи белгиланди. Ана шундай босқичларда «Палов индекси» маълумотлари шакллантирилди.
Давлат статистика қўмитаси томонидан Ўзбекистоннинг марказий ҳудудларидаги умумий овқатланиш муассасалари (Ош марказлари)да ўтказилган кузатув натижаларига кўра, энг қиммат нарх Самарқанд вилоятида эканлиги аниқланди. 1 кг Самарқанд ошини ейиш учун хўрандалар 140 000 сўм тўлаши лозим. Наманган вилоятида, аксинча, атиги 74 900 сўм. Шунингдек, Тошкентда 1 кг паловнинг ўртача нархи 107 800 сўм, Тошкент вилоятида 93 331 сўмлиги маълум бўлди.