Ўзбекистонда Қозоғистон маданияти кунлари бўлиб ўтмоқда
Туркистон санъат саройи саҳнасида Қозоғистонда хизмат кўрсатган арбоблар Салтанат Ахметова, Алишер Каримов, «Дарын» Давлат ёшлар мукофоти лауреати Рухия Байдукенова, республика ва халқаро танловлар лауреатлари Динисламбек Жайлаубай, Салтанат Мендиғалиева, Дидар Абдухалиқ, Gulder ансамбли ва Turan ансамбли санъаткорлари чиқиш қилди.
21 июнда Тошкент шаҳрида Turan этно-фольклор ансамбли Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри бош дирижёри Алибек Кабдурахмонов бошчилигидаги Folk & Symphony оркестри билан биргаликда чиқиш қилади. Симфоник оркестр ва қадимий қозоқ чолғу асбобларини ўзида мужассам этган ноёб муаллифлик лойиҳа илк бор Тошкент жамоатчилигига тақдим этилади.
15 йил давомида Turan этно-фольклор ансамбли бир неча бор АҚШ, Германия, Франция ва бошқа мамлакатларнинг энг йирик залларида чиқиш қилган. Ўтган йиллар давомида ансамбль Carnegie Hall, Kennedy Center, Zellerbach Hall каби йирик хорижий саҳналарда ўз мусиқа ихлосмандлари билан санъат ихлосмандларини хурсанд қилди.
«Қазақконцерт» ижодий жамоалари ва солистлари 22 июнда Самарқанд шаҳар «Нурафшон» маданият саройида, 23 июнда Бухоро шаҳар Ёшлар маркази концерт залида ўз чиқишларини давом эттиради.
Қозоғистон маданияти фестивали 23 июнда Ўзбекистон Давлат академик катта театри саҳнасида Абай номидаги Қозоғистон миллий опера ва балет театри томонидан томошабинларга тақдим этиладиган «Абай» операси билан якунланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон пойтахтида Қозоғистон киноси кунлари бошлангани ҳақида хабар берган эдик.
Муаллиф: Мадибек Джанибеков