Ўзбекистонда Қозоғистон маданияти кунлари бўлиб ўтади
Тадбир дастурига биноан, 20 июнда Тошкентдаги «Туркистон» санъат саройида Қозоғистон маданият кунларининг очилиш маросими ва Роза Бағланова номидаги «Қазақконцерт» давлат муассасаси ижодий гуруҳининг концерт дастури ўтказилади. Концерт дастурида Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган арбоб Алишер Каримов, халқаро танловлар совриндорлари Рухия Байдукенова, Мади Сиздиқов, «Гулдер», «Туран» фольклор-этнографик ансамблларининг чиқишлари намойиш этилади.
20-23 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги киносарой залларида «Султон Бейбарс», «Муқағали», «Дос-Муқасан», «Время патриотов», «Паралимпиячи», «На старте», «Лето 1941 года» бадиий фильмлари, «Кенже қиз», «Бесик жири», «Амен аға ағаши» мультфильмлари намойиши бўлиб ўтади.
21 июнь куни «Туркистон» санъат саройида Роза Бағланова номидаги «Қазақконцерт» давлат муассасаси ва Ўзбекистон давлат филармониясининг Ўзбекистон миллий симфоник оркестри билан ҳамкорликдаги қўшма «Folk&Symphony» концерти ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, 22 июнда Самарқанд вилоят санъат саройида, 23 июнда Бухоро шаҳридаги Ёшлар маркази концерт саройида Роза Бағланова номидаги «Қазақконцерт» давлат муассасасининг концерт дастури ташкил этилиши, унда Қозоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби Алишер Каримов, халқаро танловлар совриндорлари Рухия Байдукенова, Мади Сиздиков, «Гулдер» ансамбли, «Туран» фольклор-этнографик ансамблининг чиқишлари намойиш этилиши белгиланган.
23 июнда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида Қозоғистон маданият кунларининг ёпилиш маросими ва Абай номидаги Қозоқ миллий опера ва балет театрининг «Абай» спектакли саҳналаштирилиши режалаштириляпти.