13:55, 22 Ноябрь 2021 | GMT +5
Ўзбекистонда коронавирусга қарши бустер доза билан ихтиёрий эмлашга старт берилди
TASHKENT. Kazinform -Маълумки, Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш мақсадида жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб эмлаш тадбирлари амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунга қадар 6 турдаги 42 млн 805 минг доза COVID га қарши вакцина келтирилди. Шунингдек, йил охирига қадар 5,6 млн доза вакцина келтирилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Kazinform Ўзбекистон ССВ матбуот хизматига таяниб хабар беради.
Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг кўрсатма хатига мувофиқ Республика аҳолиси ўртасида коронавирус инфекциясига қарши иммунитетни ошириш мақсадида 2021 йил 17 ноябрь кунидан бошлаб тўлиқ вакцина курсини олган фуқаролар (2 ёки 3 маротаба эмланганлар) бустер доза билан ихтиёрий эмланади.
Бустер доза — тўлиқ эмланган фуқароларнинг касалликка қарши иммунитетини мустаҳкамлаш мақсадида яна қайтадан оладиган вакцина дозаларидир.
Бустер доза билан тўлиқ вакцина курсини олганига 6 ой ва ундан ортиқ вақт ўтган аҳоли вакиллари эмланиши мумкин.
Бустер доза олмоқчи бўлган аҳоли республиканинг барча даволаш-профилактика муассасаларининг эмлаш пунктларида эмланишлари мумкин.