Ўзбекистон яқин беш йил ичида сайёҳлар оқимини 9 млн кишига етказмоқчи

SAMARQAND. Kazinform – Ўзбекистон яқин беш йил ичида сайёҳлар сонини 9 миллион нафарга етказмоқчи. Бу ҳақда Самарқандда «Буюк ипак йўли» халқаро сайёҳлик марказининг очилиш маросимидаги нутқи чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Ўзбекистон яқин беш йил ичида сайёҳлар оқимини 9 млн кишига етказмоқчи

«3-4 йил аввал Самарқандга келган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар сони 500 минг кишидан ошмасди. Айни пайтда туризмни ривожлантириш борасидаги ислоҳотларимиз, қулай сармоявий муҳит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз самарасида Самарқандга келаётган хорижлик сайёҳлар сони икки баравар ошди», – деди ЎР Президенти.

У яқин йилларда Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар сонини кўпайтириш чоралари кўрилишини таъкидлади. Биргина Самарқанддаги янги халқаро сайёҳлик мажмуаси йилига 2 миллион сайёҳни қабул қилишга қодир.

Президент Бухорода, сўнгра республиканинг барча ҳудудларида ҳам шундай марказлар очилишини маълум қилди.

«Умуман олганда, бундай ишлар туфайли яқин беш йилда мамлакатимизга келадиган сайёҳлар сонини ҳозирги 2 миллиондан 9 миллионга етказамиз», – деди Шавкат Мирзиёев.


Аввалроқ, жорий йил бошидан буён Ўзбекистонга 700 мингдан ортиқ қозоғистонлик сайёҳ ташриф буюргани хабар қилинганди .

Муаллиф: Мадибек Жанибеков