Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқ ҳажми ошмоқда
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таҳлилига кўра, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўзаро савдо-сотиқ ҳажми 2017 йилда 4,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб 8,9 миллиард АҚШ долларига етган. Ўз навбатида экспорт ҳажми 23,4 фоизга, импорт ҳажми эса 134,7 фоизга ўсган.
Маълум қилинишича, 2022 йилда Ўзбекистон Хитойга асосан минерал ёқилғи, хизматлар, саноат маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилган ва Хитойдан асосан машиналар ва асбоб-ускуналар, саноат маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари, турли тайёр маҳсулотлар ва хизматлар харид қилган.
Маҳаллий экспортчилар қимматбаҳо металлар, органик кимёвий бирикмалар, шунингдек, мева ва ёнғоқларни Хитой бозорида сотиш бўйича катта имкониятга эга.
«Ўзбекистоннинг ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш учун имконияти катта. Хитойда ҳам бу маҳсулотларга талаб барқарор ўсганини кузатиш мумкин. Шунга асосан, 2021 йилда қимматбаҳо металлар импортининг умумий ҳажми 77,4 миллиард долларни, органик кимёвий бирикмалар импортининг умумий ҳажми 60,2 миллиард долларни, мевалар ва ёнғоқлар импортининг умумий ҳажми 16 миллиард долларни ташкил этган», - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Хитой Ўзбекистоннинг иккита вилоятида қуёш электр станцияларини қуриши ҳақида хабар берган эдик.
Фото: UzA