Ўзбекистон Россиядан йилига 2,8 миллиард кубометр газ сотиб олади
Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, 16 июндаги XXVI Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида «УзГастрейд» АЖ ва «Газпром экспорт» МЧЖ ўртасида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича икки йил муддатга шартнома имзоланган.
«Келишувга мувофиқ, жорий йил 1 октябрдан кунига 9 миллион куб метр табиий газ импортини бошлаш режалаштирилган. Йиллик ҳажми деярли 2 миллиард 800 миллион куб метрни ташкил этади», – дейилади хабарда.
Табиий газ нархи минтақадаги бозор нархлари, мамлакатдаги амалдаги нархлар ва бозорга асосланган нарх ислоҳотлари режалаштирилганидан келиб чиқиб келишилган.
«Аввал Россияга табиий газ Қозоғистон орқали транзит ҳолда «Марказий Осиё – Марказ» газ қувури орқали етказиб берилганини инобатга олсак, эндиликда газ Ўзбекистонга тескари режимда (қарама-қарши йўналишда) етказиб берилади», – дея изоҳ берди ЎР Энергетика вазирлиги.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, сентябрга қадар «йўл харитаси» доирасида республика газ-транспорт тизимидаги 3 та газ ҳайдаш ускунаси янгиларига алмаштирилади ва 11 та турли русумдаги газ ҳайдаш ускунасида мукаммал таъмирлаш ҳамда тиклаш ишлари бажарилади. 22 километрлик янги магистраль газ қувурлари қурилади ва 56 километрлик газ қувурлари таъмирланади.
Муаллиф: Мадибек Джанибеков