Ўзбекистон олийгоҳлари энди мустақил академик ва иқтисодий сиёсат юритади

None
None
TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистон олий таълим муассасаларига академик ва иқтисодий мустақиллик берилди. Мамлакат президентининг тегишли қарорлари матнлари мабуотда чоп этилди, деб хабар беради Kazinform ЎзА агентлигига таяниб.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига биноан, 2022 йил 1 январдан эътиборан давлат олий таълим муассасалари:

таълим хизматлари бозоридаги талабни инобатга олган ҳолда тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш;

талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш;

таълим жараёнига замонавий педагогик технологияларни қўллай оладиган ва илмий изланиш олиб борадиган маҳаллий ҳамда хорижий профессор-ўқитувчи ва мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;

ўқув-илмий жараёнларга жалб этилган хорижий юқори малакали мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб белгилашга оид қарорлар қабул қилиш;

профессор-ўқитувчилар штат бирликларини киритиш меъёрларини ишлаб чиқиш;

ўз маблағлари ҳисобидан талабалар учун стипендия ва грантлар ажратиш;

хорижий давлатлардан ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар ҳамда ўқув қўлланмаларни муаллифлик ҳуқуқи бўлган ишлаб чиқарувчилардан тўғридан-тўғри харид қилиш;

бўш турган бино ва иншоотларда пуллик хизматлар кўрсатиш тартибини белгилаш;

автотранспорт воситаларининг йўл босиш йиллик лимити ва уларга хизмат кўрсатиш талабларини белгилаш масалалари бўйича мустақил қарор қабул қилади.

Шунингдек, давлат раҳбарининг «Давлат oлий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан, давлат олий таълим муассасалари 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:

а) академик мустақиллик соҳасида:

ўқув режалари, ўқув дастурлари, малака талабларини касбий стандартлар асосида тасдиқлаш, таълим тилини ҳамда таълим йўналишлари ва мутахассисликлари хусусиятларини инобатга олган ҳолда таълим олиш шаклини белгилаш;

бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун ўқиш давомийлиги муддатларини белгилаш;

докторантурада тўлов-контракт асосида ўқиш қийматини белгилаш, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан грант ажратиш орқали докторантурага танлов асосида квотага қўшимча равишда қабул қилиш;

докторант ва мустақил изланувчиларга илмий раҳбарлик қилиш тартибини тасдиқлаш;

магистратура босқичида таълимнинг сиртқи, масофавий ва кечки шаклларини жорий этиш, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича қўш малакалар, шу жумладан, амалий малакалар бериш тизимини жорий қилиш;

ўзаро келишувлар асосида олий таълим муассасалари билан академик мобилликни амалга ошириш;

олий таълим муассасаси ва унинг тузилмасидаги таълим муассасалари учун ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш ва нашр этиш;

таълим сифатини ички назорат қилиш механизмларини белгилаш ва жорий этиш;

б) ташкилий-бошқарувдаги мустақиллик соҳасида:

фаолиятининг асосий йўналиши таълим, илм-фан, унинг натижаларини жорий этиш ҳамда тижоратлаштириш билан боғлиқ бўлган, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмайдиган таркибий тузилмалар, тижорат ва нотижорат ташкилотларни ташкил этиш;

олий таълим муассасалари учун белгиланган нормативлардан қатъи назар муассасанинг тузилмасини тасдиқлаш ва штат бирликлари сонини белгилаш;

меҳнат бозоридаги эҳтиёждан келиб чиқиб, янги таълим йўналишлари ва мутахассисликларни очиш, амалдаги таълим йўналишлари ҳамда мутахассисликларни тугатиш;

педагог ва бошқа ходимларни ишга қабул қилиш, ишдан озод этиш ва ички ротациясига оид тартибни белгилаш;

хорижий давлат фуқароларини тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш ва масофавий таълим олиш шаклида ўқитишни ташкил этиш ваколатлари берилади.

Сўнгги хабарлар