ЮНЕСКО Венецияни Жаҳон мероси рўйхатига киритишни тавсия қилади

ЮНЕСКО ҳисоботига кўра, Италия шаҳри ҳаддан ташқари туризм, ҳаддан ташқари ривожланиш ва иқлим ўзгариши сабабли денгиз сатҳининг кўтарилишидан «қайтариб бўлмайдиган» зарарга дуч келмоқда.
Венеция муниципалитети вакили бу таклифни «яқиндан кўриб чиқишларини» айтди. Улар бу масалани Италия ҳукумати билан муҳокама қилинишини қўшимча қилишди.
Венеция «La Serenissima» номи билан танилган, бу «жуда сокин» деб таржима қилинади. Афсуски, бу таъриф энди шаҳарга мос келмайди.
ЮНЕСКО ҳисоботида Италия ҳукумати Италиянинг энг гўзал шаҳарларидан бири олдида турган муаммоларни ҳал қилишда «стратегик қарашлар йўқлиги»да айбланган.
Венециянинг собиқ мэрларидан бири халқаро мерос агентлигини «ер юзидаги энг қиммат ва кераксиз органдан бири» дея айблади. Массимо Каччарининг таъкидлашича, ЮНЕСКО «ўзгаришлар қилиш учун бизга ҳеч қандай маблағ ажратмайди, улар фақат танқид қилиш билан чекланади».
Венецияни хавф-хатарлар рўйхатига киритиш икки йил аввал ЮНЕСКО томонидан таклиф қилинган, бироқ Италия ҳукумати томонидан кўрилган фавқулодда чоралар туфайли у сўнгги лаҳзада қолдирилди.
Хусусан, Сан-Марко каналидан сайёҳлик кемалари каби йирик кемаларни тақиқлаш тўғрисидаги қарор, шунингдек, шаҳарни қутқариш бўйича улкан режани ишга тушириш ваъдаси шундай чоралардан бири бўлди.
Сайёранинг исиши ҳалокатли таъсирга эга бўлиб, денгиз сатҳининг кўтарилишига олиб келади, шунинг учун сув билан ўралган Венеция сув тошқини учун жуда заифдир.
Бундан ташқари, ҳар йили Венецияга 28 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюради. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, бу шаҳарни кенгайтириш бўйича кўпроқ лойиҳаларга олиб келади ва бу ўз навбатида унга зарар етказади.
Бошқа нарсалар қаторида, ЮНЕСКО кўп қаватли бинолар шаҳарга «катта салбий визуал таъсир кўрсатиши» мумкин ва улар шаҳар марказидан узоқда қурилиши керак деб ҳисоблайди.