Юқори даражада қайта ишланган маҳсулотлар экспортини ошириш зарур – ҚР Бош Вазири

ASTANA. Kazinform – 2025 йилда қайта ишланган маҳсулотлар ва хизматлар экспорти ҳажмини 41 миллиард долларга етказиш зарур. Бу ҳақда Ҳукумат йиғилишида ҚР Бош вазири Олжас Бектенов маълум қилди.

ҚР Премьер-Министрі
Фото: primeminister.kz

“Иқтисодиётни диверсификация қилиш масаласи, биринчи навбатда, нохомашё товарлар экспорти ҳажмини ошириш билан бевосита боғлиқ. Ўтган йили экспортнинг ижобий ўсиши қайд этилди. Мақсадли кўрсаткич 3 фоизга ортиғи билан бажарилди. Жорий йилда янада юқори, яъни экспорт ҳажмини 37,7 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилди. 2025 йил якунларига кўра, қайта ишланган маҳсулотлар ва хизматлар экспорти ҳажмини 41 миллиард долларга етказиш зарур. Шу билан бирга, олдимизга янада юқори мақсадларни қўйиб, бу режаларимизни ортиғи билан бажаришга ҳаракат қилишимиз керак”, - деди О. Бектенов.

Шу нуқтаи назардан, бу ишда барча манфаатдор вазирликлар, ҳокимликлар, айниқса, тадбиркорлар фаол иштирок этиши зарурлигини таъкидлади.

“Нохомашё товарлар экспортини ривожлантиришда юқори даражада қайта ишланган маҳсулотлар экспортига алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Агар чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, хизматлар экспорти ҳажми барқарор ўсиб бормоқда – ўтган йили у қарийб 30 фоизга ошди, хомашё бўлмаган маҳсулотлар экспорти эса, аксинча, ўтган йили 5,7 фоизга камайди. Товарлар импорти 21,5 фоизга ошди. Кўриб турганингиздек, фарқ 2 баробардан кўпроқни ташкил этади, бу савдо балансига салбий таъсир қилади. Шу боис юқори даражада қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш ҳажмини ошириш зарур. Бунинг учун истиқбол ва имкониятлар етарли”, - деди Ҳукумат раҳбари.

Бош вазир маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларни фаол қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқ берди.

“Суғурта, молиявий ва хизмат кўрсатиш каби 20 дан ортиқ турдаги ёрдам воситалари мавжуд. Улардан унумли фойдаланиш, мазкур чора-тадбирлар тўғрисида ишбилармон доираларга маълумотларни етказиш зарур. Консалтинг хизматларини кўрсатиш, ахборот билан таъминлаш, янги бозорларга чиқишга кўмаклашиш орқали экспортга йўналтирилган корхоналарни қўллаб-қувватлашни кучайтириш зарур”, - деди О.Бектенов.

Сўнгги хабарлар