Ёшлар ҳаракати таркибига 126 нафар фуқаро кирди

ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Халқ Кенгаши Ёшлар ҳаракати таркибини аниқлаш ишларини якунлади. Унга ўз соҳаларида фаол бўлган 126 нафар ёш қозоғистонлик кирди.

ёшлар
Фото: Gov.kz

Ҳаракат ҳудудий ва профессионал вакиллик тамойилларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилган. Унга ишчи ёшлар, таълим ва фан соҳалари вакиллари, талабалар ва мактабдаги ўзини ўзи бошқариш ташкилотлари аъзолари, соғлиқни сақлаш, маданият, креатив саноат, спорт, экология, волонтёрлик ва бизнес соҳалари вакиллари киради. Ҳаракат таркибига шунингдек, этник-маданий бирлашмаларнинг ёшлар қанотлари етакчилари ҳам киради.

Қозоғистон Халқ Кенгаши Ёшлар ҳаракати аъзолари орасида энергетика соҳаси вакиллари Асет Амирбеков ва Мадияр Қинаятов, металлурглар Мақсат Маханбетов ва Александр Ольтов, шифокор-аритмолог Сардор Йўлдошев, полиглот Мади Базилбек, Airbus A320 учувчиси Жохар Юнусов, 2024 йилги Олимпия ўйинларининг кумуш медали совриндори Нариман Қурбанов, 2026 йилги Осиё ўйинлари чемпионлари Тамирлан Тилеулес ва Ерлик Сертай, давлат тилини оммалаштирувчи Анастасия Нуғуманова, Президент ёшлар кадр захираси аъзолари Жасулан Қуандиқ ва Рауль Линдт, телебошловчилар Азамат Абилқайир, Алла Гаврина ва Бексултан Акимжан, шунингдек, Қозоғистон ёшлар ҳамжамиятининг бошқа фаол вакиллари бор.

Ёшлар ҳаракатини яратиш ташаббуси Шимолий Қозоғистон вилоятида ўтказилган "Миллатнинг янги ўзига хослиги: ёшлар ва фуқаролик масъулияти" республика ёшлар лагери иштирокчилари томонидан кўтарилган. Айнан шу йиғилишда ёш иштирокчилар мамлакатнинг фаол ёшларига нафақат ўз ташаббусларини тақдим этиш, балки жамоат ҳаёти ва қарор қабул қилиш жараёнларида бевосита иштирок этиш имконини берадиган платформа яратишни таклиф қилишди.

Ёшлар ҳаракати ёшларнинг салоҳиятини бирлаштириш, истиқболли ташаббусларни илгари суриш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва ёшлар сиёсатини ривожлантириш бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқишга қаратилган муҳим эксперт ва жамоат платформасига айланиши режалаштирилган.

Ҳаракат аъзолари Қозоғистон Халқ Кенгашининг амалдаги аъзолари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатадилар ва доимий қўмиталар ва тармоқ комиссиялари ишида иштирок этадилар. Ёшлар шунингдек, кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича таклифлар киритадилар.

Шундай қилиб, Ёшлар ҳаракати Қозоғистоннинг ёш авлодини жамоат жараёнларига жалб қилиш ва миллий вазифаларни ҳал қилишнинг самарали механизмига айланади.

Эслатиб ўтамиз, Тоқаевнинг айтишича, жамоатчилик қадриятларини ёшлар онгига сингдириш муҳим.