Йиллик даромад 400 миллиард тенге: “Байтерек” холдинги раҳбари Президентга ҳисобот берди

ASTANА. Kazinform - Давлат раҳбари “Байтерек” миллий бошқарув холдинги” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Нурлан Байбазаровни қабул қилди, дея хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Тоқаев
Фото: Ақорда матбуот хизмати

Қасим-Жомарт Тоқаевга холдингнинг 2023 йилдаги фаолияти якунлари, жумладан, тадбиркорлик ва агросаноат комплексини қўллаб-қувватлаш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича ҳисобот берилди.

Президентга ўтган йили холдинг активларининг ўсиши 12 фоизни ташкил этгани маълум қилинди. Компаниялар гуруҳининг инвестиция ва кредит портфели 10 фоизга ошди. Соф даромад эса 7 фоизга етди ва 400 миллиард тенгедан ошди.

Нурлан Байбазаровнинг таъкидлашича, иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантириш доирасида “Байтерек” йирик лойиҳалар ва лизинг битимларини молиялаштириш кўрсаткичини 24 фоизга, микро, кичик ва ўрта бизнес лойиҳаларини молиялаштириш режасини эса 42 га ортиғи билан бажарган. Қозоғистон Тараққиёт банки ва Саноатни ривожлантириш жамғармаси тармоғи орқали 300 та лойиҳа ва лизинг операциялари молиялаштирилиб, 1061 триллион тенге ўзлаштирилди. Бу рекорд кўрсаткичдир. Агросаноат мажмуасига 554,7 миллиард тенге инвестиция жалб этилиб, режалаштирилган ҳажмдан 11 фоизга ошди. Шунингдек, 2023 йилда қурғоқчилик ва ортиқча намликдан жабр кўрган 1100 нафар фермерга холдингнинг шўъба корхоналари орқали 48 миллиард тенге миқдорида ёрдам кўрсатилди.

Давлат раҳбарига маълум қилинишича, ўтган йили холдинг ҳисобидан 2 миллион квадрат метрдан ортиқ уй-жой фойдаланишга топширилган. Уй-жой қурилишига 317,6 миллиард тенге сармоя киритилди. «Отбасы банк» акциядорлик жамиятининг ипотека дастурлари доирасида умумий қиймати 1 триллион тенгедан ортиқ кредитлар ажратилди.

Учрашувда холдингнинг 2024 йилга мўлжалланган ташаббуслари муҳокама қилинди. Агросаноат мажмуи лойиҳаларига 370 миллиард тенге сармоя киритиш ва 4 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқариш саноатини, туризм соҳасини молиялаштириш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва саралаш корхоналарини қуриш, 9-20-25 уй-жой дастурини ишга тушириш каби чора-тадбирлар шулар жумласидандир.

Қасим-Жомарт Тоқаевга “Байтерек” холдинги ташаббусларини амалга ошириш натижасида йил охиригача унинг мамлакат иқтисодиётига қўшадиган ҳиссаси 2022 йилга нисбатан икки баравар ошиши айтилди.

Давлат раҳбари иқтисодий ўсиш суръатлари ва аҳоли турмуш сифатини оширишда янги дастурларни ишга тушириш, комплекс ёндашувлардан фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади. Шу билан бирга, холдинг фаолиятини жонлантириш, иқтисодиётни диверсификация қилиш ва стратегик аҳамиятга эга йўналишларни ривожлантириш бўйича қатор топшириқлар берди.

Сўнгги хабарлар