Йил бошидан буён Қозоғистонда 15 млн квадрат метр уй-жой қурилди
Йил бошидан буён Қозоғистонда умумий ишлаб чиқариш ҳажми 3,4 фоизга ошди. Бу ҳақда ҚР Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

“Йил бошидан буён ишлаб чиқариш саноатида ижобий ўсиш сақланиб қолди. Ишлаб чиқариш ҳажми 3,4 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш Қизилўрда, Қостанай, Абай вилоятлари ва Алмати шаҳрида кузатилди. Қайта ишлаш тармоқлари бўйича машинасозлик ишлаб чиқаришининг 27 фоизга, жумладан, автомобиль ишлаб чиқаришининг 41 фоизга, электротехника ускуналари ишлаб чиқаришнинг 32 фоиздан зиёдга ўсиши таъминланди”, — деди А. Қуантиров Ҳукуматнинг бугунги мажлисида.
Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,9 фоиз, металл буюмлар ишлаб чиқариш 3,7 фоиз, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш 4,1 фоиз, пластмасса буюмлар ишлаб чиқариш 5,1 фоиз, енгил саноат 12 фоиз, мебель ишлаб чиқариш 42 фоизга ўсди.
Тоғ-кон саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 5,2 фоизга ошди. Шу билан бирга, газ қазиб олиш 12 фоизга, нефть қазиб олиш 7,8 фоизга, бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олиш 13 фоизга ошди.
Металл рудаларини қазиб олиш 0,5 фоизга, тоғ-кон саноатида хизматлар кўрсатиш 2,6 фоизга, кўмир қазиб олиш 5,8 фоизга камайди.
“Бажарилган қурилиш ишлари ҳажми 12,6 фоизга ошди. Ижобий ўсиш 18 та вилоятда қайд этилди, айниқса, қурилиш-монтаж ишларининг энг юқори ўсиши Манғистау, Жетису, Ғарбий Қозоғистон ва Абай вилоятларида кузатилди. Жорий йил январь-ноябрь ойларида 15 миллион квадрат метрдан ортиқ уй-жой фойдаланишга топширилди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 15,6 фоизга кўпдир. Энг юқори кўрсаткич Астана ва Алмати шаҳарларида, шунингдек, Улитау ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида қайд этилди”, - деди Алибек Қуантиров.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон иқтисодиёти жорий йилнинг 11 ойида 4,9 фоизга ўсган.
Муаллиф: Айжан Серикжанқизи