Йил бошидан буён Қозоғистон боғчаларида 28 минг янги ўрин очилди

Болалар боғчаси
Фото: Марказий коммуникациялар хизмати

ASTANА. Кazinform - Қозоғистонда мактабгача таълим ва тарбия бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлат раҳбарининг фармойиши билан болаларнинг мактабгача таълим ва тарбия билан қамраб олинишини ошириш мақсадида 2023-2027 йилларга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаларини ишга тушириш ва янги ўринлар очиш бўйича босқичма-босқич режа ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Бу ҳақда ҚР Таълим-маориф вазирлиги маълум қилди.

Жорий йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, боғчаларда 28 мингга яқин янги ўрин очилди. Шундай қилиб, болаларни сифатли мактабгача таълим ва тарбия билан қамраб олиш даражаси 91,5 фоизга ошди.

“Мавжуд мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва кенгайтириш, умумтаълим мактаблари яқинидаги кичик марказлар тармоғини кенгайтириш, хусусий боғчаларга давлат таълим буюртмасини жойлаштириш ҳисобига янги ўринлар очилиши режалаштирилган. Бугун Павлодар вилояти бу борада юксак маррага эришди”, – дейди мактабгача таълим бошқармаси директори Манар Адамова.

Мамлакатда жами 11,5 минг мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда 1 миллиондан ортиқ бола таълим-тарбия олмоқда. Жорий йилда 2 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 92,5 фоизга етказиш режалаштирилган.

Сўнгги хабарлар