Йил бошидан буён Қозоғистон 5,6 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилди
ASTANA.Kazinform - Маҳаллий қайта ишлаш саноатини ривожлантириш динамикаси Ҳукумат мажлисида муҳокама қилинди.

“Жорий йилнинг 4 ойи давомида 7,1 триллион тенгелик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 5,6 миллиард долларлик маҳаллий маҳсулотлар экспорт қилинди. Асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг 4 ойига нисбатан 19,9 фоизга ошиб, 403,2 миллиард тенгени ташкил этди. Саноатнинг иқтисодиётга қўшган ҳиссаси 4,3 трлн тенгени ташкил этди. 2023 йил якунларига кўра, меҳнат унумдорлиги киши бошига 52,7 минг долларга етди”, - деди ҚР Саноат ва қурилиш вазири Қанат Шарлапаев Ҳукумат йиғилишида.
Вазирнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг ўтган 4 ойида ишлаб чиқариш саноатининг ўсиши 105,2 фоизга етди.
“Металлургия саноатида 1 миллион тонна чўян, 1,3 миллион тонна пўлат, 834 минг тонна ясси прокат, 87,4 минг тонна алюминий, 89 минг тонна рух, 159,8 минг тонна мис ишлаб чиқарилди. Жорий йилда металлургия соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажмини 464,2 миллиард тенгега етказиш ва 4700 дан ортиқ иш ўрни яратиш имконини берувчи 21 лойиҳани амалга оширишни режалаштирганмиз. Шулар қаторида Қарағанди вилоятидаги “ТЭМПО” Қозоғистон пўлат қувурлари ишлаб чиқариш заводи ва Чимкентдаги QazAlPack алюминий қадоқлаш мажмуасини кенгайтирмоқчимиз”, – дейди вазир.
Муаллиф: Даулет Изтилеу