Япониялик 90 ёшли бодибилдер Испанияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этди
ASTANA. Kazinform — Япониялик бодибилдер Тосисукэ Канадзава 90 ёшида Испаниянинг Санта-Сусанна шаҳрида бўлиб ўтган бодибилдинг ва фитнес бўйича IFBB жаҳон чемпионатида иштирок этди. Бу ҳақда BILD нашри хабар берди.
У 50 ёшдан ошган спортчилар тоифасида иштирок этиб, ўзидан қарийб 40 ёш кичик рақиблари билан куч синашди. Япониялик спортчи совриндорлар қаторига кира олмаган бўлса-да, унинг ёши ва жисмоний тайёргарлиги томошабинлар эътиборини тортди.
Канадзава бодибилдинг билан 20 ёшида шуғуллана бошлаган. Тўрт йилдан сўнг «Мистер Япония» унвонини қўлга киритган ва 1967 йилда «Мистер Олам» танловида ўз тоифасида тўртинчи ўринни эгаллаган.
34 ёшида спортчилик фаолиятини якунлаган у 50 ёшида яна машғулотларга қайтди. Ўша пайтда гўшт ва балиқ истеъмол қилишдан воз кечиб, вегетарианча овқатланишга ўтди.
Спортга қайтганидан кейин Канадзава ветеранлар ўртасидаги миллий мусобақаларда бир неча бор ғолиб бўлди. 2026 йил август ойида эса 85 ёшдан ошган спортчилар тоифасида Япония чемпиони унвонини 19-марта қўлга киритди.
Испаниядаги чемпионатдан сўнг бодибилдер уч йилдан кейин, 93 ёшида, яна жаҳон мусобақасида иштирок этиш нияти борлигини маълум қилди.