Японияда зилзила қурбонлари учун вақтинчалик бошпаналар қурила бошлади
Маҳаллий ҳукумат жума куни Япониянинг марказий қисмида содир бўлган 7,6 магнитудали зилзиладан уйлари вайрон бўлганлар учун вақтинчалик бошпана қуришни бошлади, деб хабар беради Каzinform агентлиги Kyodo Newsга таяниб.

Исикава префектураси ҳукумати Вадзима ва Судзуда 115 та вақтинчалик уйлар қуришни бошлади ва уларни бир ой ичида якунлаш ниятида.
Шунингдек, префектура Ното ва Анамидзу шаҳарларида 60 та вақтинчалик уй-жой қурилишини бошлашни режалаштирмоқда.
Табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш тўғрисидаги қонунга кўра, маҳаллий ҳокимият органлари икки йилгача ёки жабрланганлар муқобил уй-жой топгунига қадар бепул вақтинчалик уй-жой билан таъминлайди.
Зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 215 нафарни ташкил этди. Тахминларга кўра, улардан 10 нафари соғлиғи ёмонлашгани, айрим ҳолларда эвакуация пайтидаги стресс туфайли вафот этган.
37 киши бедарак йўқолган, эвакуация қилинганлар сони 24 038 киши.
2500 га яқин одам йўл бузилганлиги сабабли изоляция қилинган.
Аввалроқ Япониядаги зилзила қурбонлари сони 213 кишига етгани ҳақида ёзган эдик.